ЎзА Ўзбек

25.07.2018 09:33 Чоп этиш версияси

​Миллий кинематографияда нима муаммолар бор?

​Миллий кинематографияда нима муаммолар бор?
Кино инсон билимини оширишда муҳим роль ўйнайди, унинг бой мазмуни эса аҳолининг билимдонлик даражасига бевосита таъсир қилади.

Юртимизда мазкур соҳада аҳвол қандай? Миллий кино саноатининг жадал ривожланишига, жаҳон кино бозорида рақобатбардошликни оширишга, уни чет элда тарғиб қилишга тўсқинлик қиладиган нима муаммолар бор?

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида бу ҳақда шундай дейилади.

биринчидан, ишлаб чиқилаётган кино маҳсулотларининг мафкуравий-бадиий даражасининг пастлиги, сценарийнавислик, режиссёрлик ва актёрлик маҳоратларининг етарли даражада сифатли эмаслиги, ёшлар учун маънавий намуна бўлиб хизмат қиладиган бадиий образларнинг кўпинча мавжуд эмаслиги миллий кинематографиянинг асосий мақсадлари бўлган – ёш авлодни жасорат ва қатъиятлилик руҳида тарбиялаш, ёт “оммавий маданият”га қарши курашиш кабиларни амалга оширишга имкон бермайди;

иккинчидан, кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмасини бериш юзасидан шаклланган амалиёт татбиқ қилинадиган тартибларнинг очиқлиги ва шаффофлигини, бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланишни, шунингдек, кинематография соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожланишига тўсқинлик қилади;

учинчидан, кино саноати соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегияси, ишлаб чиқилаётган кино маҳсулотларининг ўзини оқлаши ва даромад келтиришига қаратилган замонавий маркетинг тадқиқотлари ва аниқ мақсадли кино ишлаб чиқариш дастурларининг мавжуд эмаслиги миллий кинематографиянинг юқори зарар билан ишлашига олиб келмоқда;

тўртинчидан, кинопрокат ва республика бўйлаб кино маҳсулотларини етказиб бериш самарасиз тизимларининг мавжудлиги, ишлаб чиқарилган кино маҳсулотларининг етарли даражада тарғиб қилинмаслиги оқибатида аҳолининг суст хабардорлиги кинопрокатчилар даромадларига, кинокомпанияларнинг ижодий ва ишлаб чиқариш ходимларини моддий рағбатлантиришга салбий таъсир кўрсатди, шунингдек, кинотеатрлар тармоғи фаолиятининг тугатилишига олиб келди;

бешинчидан, давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотларига ажратиладиган маблағларнинг етарли эмаслиги, кино ишлаб чиқарувчиларни солиққа тортиш тизимининг самарасизлиги ва юқори солиқ юки кино саноати соҳасининг рентабеллигини чеклайди ва кинематографиянинг умумжаҳон ривожланиш тенденцияларига мувофиқ илғор инновацион ва рақамли технологияларни жорий этишни рағбатлантирмайди;

олтинчидан, кино соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди, ихтисослаштирилган, шу жумладан, чет давлатларнинг олий ўқув юртларида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш, кино санъати вакилларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари ташкил этилмаган;

еттинчидан, муаллифлик ҳуқуқи объектларини, шу жумладан, кино маҳсулотларининг ноқонуний тарқатилишини аниқлаш ва бартараф этиш, улар билан рухсатсиз фойдаланишдан ишончли ҳимоя қилиш, қароқчиликка қарши курашишнинг аниқ механизмлари мавжуд эмаслиги кино маҳсулотларининг асл нусхаларини юқори даражада ноқонуний айланмасига ва мамлакатдаги кинокомпаниялар ва кинотеатрларга сезиларли зарар етказилишига олиб келади;

саккизинчидан, маҳаллий киноленталарни жаҳонга машҳур халқаро кинофестивалларга тақдим этиш, шу жумладан, уларда иштирок этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмаяпти, маданий ўзаро алмашинув даражасининг пастлиги эса миллий кинематографияни чет элда фаол тарғиб қилинишига ва унинг жаҳон кино майдонига қўшилишига имкон бермаяпти.

Шунингдек, қарорда мамлакатда кино саноатини янада ривожлантириш, кинокомпаниялар танловининг шаффофлигини таъминлаш, кинематография соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар белгиланди.

ЎзА​
4 549