Миллий гвардия тезкор-қидирув фаолиятида қатнашади
Ялпи мажлисда сенаторлар “Миллий гвардия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди.
Ялпи мажлисда сенаторлар “Миллий гвардия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқди.
Қонун Миллий гвардиянинг мақомини, ваколатларини, вазифалари ва функцияларини белгилаш, шунингдек унинг фаолиятининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш хусусиятини мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонунга кўра Миллий гвардия Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи ҳарбий тузилмаларга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдир.
Белгилаб қўйилишича, Миллий гвардия ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар эса Миллий гвардияга унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши шарт. Бундан ташқари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажариш мажбурийлиги назарда тутилмоқда.
Қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, ягоналик, мустақиллик Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланмоқда, уларнинг мазмуни ва моҳияти очиб берилмоқда.
Миллий гвардиянинг таркиби мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Миллий гвардиянинг таркибига марказий девон, ҳудудий бошқармалар, ҳарбий тузилмалар, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалар ва ташкилотлар киради.
Шу билан бирга, назарда тутилишича, Миллий гвардия бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир, Миллий гвардияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Миллий гвардия қўмондони раҳбарлик қилади. Миллий гвардия қўмондони мақомига кўра вазирга тенглаштирилади. Бундан ташқари, Миллий гвардияда ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби ва шартлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Қонун билан Қонун нормалари талабларидан келиб чиқиб, Жиноят-процессуал кодексга ва “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторлар қайд этганидек, қонун қабул қилиниши Миллий гвардия шахсий таркиби ўз хизмат ва ҳарбий мажбуриятларини ишончли, ташаббус билан ва монеликсиз бажарашини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.