Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.09.2017 10:36 Чоп этиш версияси

Миллий армиямиз – тинчлигимиз қалқони

Миллий армиямиз – тинчлигимиз қалқони Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Қуролли Кучларимизнинг моддий ва маънавий қиёфаси янгиланди. Замон талабларига жавоб берадиган тезкор, ихчам, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз барпо этилди. Миллий армиямизнинг жанговар қудратини юксалтириш, ҳарбийларнинг профессионал малакасини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фарғона вилояти шаҳар ва туманларида бўлиб ўтаётган “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” шиори остидаги ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларида бу алоҳида таъкидланмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Фарғона шаҳрида бўлиб ўтди. Тадбир давомида ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Бақувват, ўктам йигитларнинг бир сафда шахдам қадамлар билан Ватан, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи қўшиқлар куйлаб ўтиши, айниқса, иштирокчи ёшларнинг ҳавасини келтирди, олқишларга сазовор бўлди.

– Тадбир менда катта таассурот қолдирди, – дейди Фарғона давлат университети қошидаги 3-академик лицей ўқувчиси Отабек Собиров. – Ҳарбийларнинг келишган қомати, юзида уфуриб турган ўзига ишонч менда ҳавас уйғотди. Айниқса, жанговар машқлар жараёни, ўқотар қуроллар билан ишлашда ҳарбий акаларимнинг маҳоратига қойил қолдим.

Шунингдек, тадбирда мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти қошидаги тўгаракларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

– Мен олти йилдан буён “Авиатехник” тўгарагига қатнашаман, – дейди саноат касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси Нодирбек Абдуллаев. – Самолётсозлик соҳаси жуда қизиқарли ва кўп қиррали. Мен ҳар бир сабоқдан ўзим учун керакли хулоса чиқараман. Кўплаб кўрик-танловларда қатнашганман, ўзим ясаган самолётлар парвози ёшларнинг соҳага қизиқишини оширганини кўрсам, қилаётган ишимдан хурсанд бўлиб кетаман. Ҳозир устозим билан масофадан туриб бошқариладиган янги моделлар устида иш олиб бораяпмиз.

Тадбир якунида иштирокчилар ҳарбий қисмлар томонидан ташкил этилган кўргазмалар билан яқиндан танишди, кўчма ҳарбий ошхонада тайёрланган таомлардан баҳраманд бўлди. Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
1 333






Все о погоде - Pogoda.uz