ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Миллий армиямиз қиёфаси тубдан ўзгариб, унинг жанговар шайлиги сезиларли даражада ошмоқда

Миллий армиямиз қиёфаси тубдан ўзгариб, унинг жанговар шайлиги сезиларли даражада ошмоқда

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

…ҳозирги мураккаб даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини
юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий
қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний,
маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини
кучайтириш энг устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

Ўтган 2019 йил Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларига янги бир руҳни олиб кириш, жанговар тайёргарлик, таъминот ва бошқа йўналишларда тўпланган муаммоларни ҳал қилиш, қисқача айтганда, армиянинг қиёфасини ўзгартириш учун жиддий ҳаракатлар бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббус ва кўрсатмалари асосида ишлаб чиқилган дастурларни ҳаётга татбиқ этиш, дунёда содир бўлаётган ҳодисаларни, ҳарбий ва мудофаа соҳасидаги янгиликларни таҳлил этган ҳолда илғор тажрибаларни ўрганиш, ҳарбий хизматчиларни мутахассислигидан келиб чиққан ҳолда ҳар томонлама тайёрлаш борасида амалий ишларга қўл урилди.

Бу жараёнда аскардан қўмондонгача, оддий хизматчидан тажрибали мутахассисгача – барча фаол иштирок этди.

Жанговар салоҳият

Йил бошидан асосий эътибор қўшинларда жанговар тайёргарлик ва уни самарали ташкил этишга қаратилиб, жанговар-ўқув машғулотлари мураккаблаштирилди, топшириқларни тунги шароитда, нотаниш полигон ва ҳудудларда бажариш имкониятлари оширилди.

photo_2019-12-14_08-50-10.jpg

Беш юздан ортиқ ўқувлар ва ҳамкорликдаги амалий тадбирлар натижасида жанговар тайёргарлик бўйича амалий машғулотлар 1,5 баробар ошди, турли табиий ва сунъий тўсиқларни енгиб ўтган ҳолда узоқ масофаларга пиёда юриш ва жанговор техникада ҳаракатланиш меъёрлари 1,7 баробарга кўпайтирилди.

Парашют билан сакрашлар йиллик меъёрни бажариш бўйича ўтган йилга нисбатан 3,2 баробарга ортди. Бир қатор жанговар низом ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди, ҳарбий техника билан ёки уларсиз тактик ҳаракатларнинг янги усул ва услублари амалиётга жорий этилди.

Халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик борасида йўлга қўйилган алоқалар натижасида нуфузли ҳарбий академиялар ва марказлар мутахссислари билан тажрибалар алмашилмоқда. Ривожланган мамлакатлар мудофаа академиялари, стратегик тадқиқотлар марказлари билан алоқалар мустаҳкамланди. Бу, ўз навбатида, долзарб масалалар бўйича хорижий экспертларнинг илмий қарашлари ва хулосаларини ўрганиш, соҳадаги энг сўнгги маълумотлардан хабардор бўлиш ва уларни атрофлича таҳлил қилиш, мавжуд билимларни янада бойитиш, шунингдек, Қуролли Кучларни қўллаш стратегияси ва тактикасини янада такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб бориш бўйича замонавий тажрибани чуқур ва пухта эгаллашга хизмат қилмоқда.

photo_2020-01-14_10-28-34.jpg

Россия, Франция, Хитой, Туркия ва бошқа давлатлар билан ҳарбий техникавий ҳамкорлик доирасида Мудофаа вазирлиги қўшинлари бир қатор замонавий ҳарбий техника ва қуроллар, жумладан, учиш аппаратлари, зирҳланган техника воситалари, автомобиллар ва бошқа аслаҳалар билан таъминланди.

Мудофаа вазирлиги қўшинларида ўзаро тажриба алмашиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида жанговар тайёргарликнинг 67 йўналиши бўйича “Мен ғолиб!” шиори остида мусобақалар ўтказилди.

Ютуқлар нафақат мамлакат миқёсида, шу билан бирга халқаро майдонда ҳам кўзга ташланди. “АрМИ – 2019” халқаро армия ўйинларидаги 11 та совринли ўрин, VII халқаро армия спорт ўйинларидаги 22 та медаль, Буюк Британияда ўтказилган “Кембридж патрули” мусобақаси ҳамда АҚШда махсус қўшинлар ўртасида ўтказилган “Энг илғор жангчи” мусобақасидаги фахрли ўринлар фикларимизга исбот бўлади.

photo_2020-01-14_10-28-35.jpg

Ахборот-коммуникация технологиялари

Ахборот-коммуникация технологияларининг ҳарбий қисм ва муассасалар фаолиятига кенг жорий этилиши, қўшинларнинг ўз вазифасини тўлақонли бажариши ва мукаммал бошқарувни ташкил этишга хизмат қила бошлади.

Мудофаа вазирлиги алоқа тизимининг боғловчи линиялари 100 фоиз рақамлаштирилди. Вазирликнинг ҳарбий қисм ва муассасалар билан видеоконференцалоқанинг йўлга қўйилгани энг қуйи бўғиндаги командирлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва топшириқларни етказиш ҳамда муаммоли масалаларни юзма-юз муҳокама қилиш имкониятини яратди.

Бундан ташқари, ҳарбий округлар учун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган элликдан ортиқ мобиль алоқа техникалари модернизация қилинди. Муҳим ўзгаришлардан бири – шу давргача алоқани ташкиллаштириш учун 3 та машинадан фойдаланилган бўлса, ҳозир бир дона модернизация қилинган дала инфокоммуникация мажмуа автомашинаси уч машина вазифасини бажармоқда.

photo_2020-01-14_10-28-36 (2).jpg

Таҳлиллар, изланишлар ва амалий ҳаракатлар натижасида Мудофаа вазирлигининг мобиль алоқа тизими тўри, мобиль қўмондонлик пункти яратилди. Мобиль қўмондонлик пунктларини ишга шай ҳолатга келтиришда вақтни 2 соатгача қисқартиришга эришилди.

Таъминот ва ижтимоий муҳофаза

2019 йил давомида Мудофаа вазирлигининг уч юздан ортиқ объектида таъмирлаш, ободонлаштириш ва ҳарбий хизматчиларга қулай шароитлар яратиш ишлари режалаштирилган эди. Таъминот ва ижтимоий муҳофаза борасидаги бу улкан ишларни бажариш учун асосан ҳарбий-маъмурий секторлар маблағларидан фойдаланилди. Натижада ҳарбий қисм ва муассасалар қиёфаси тубдан ўзгарди, дала машғулотлари майдонлари – полигонларда улкан бунёкорлик ишлари бажарилди, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари замонавий типда қурилган уй-жойлар билан таъминланди.

photo_2020-01-14_10-28-36.jpg

Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоялаш ва уй-жой билан таъминлаш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлиб, 2019 йилда Мудофаа вазирлиги томонидан 325 хонадондан иборат 18 та кўп қаватли хизмат уйлари қурилди.

Узоқ муддатли ва ипотека кредити ажратиш асосида 1974 хонадондан иборат 57 та кўп қаватли уйлар қурилиб, мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар оилалари янги уйларга кўчиб киришди.

Қўшинларнинг моддий-техник таъминот йўналишида замонавий ва сифатли кийим-кечак, озиқ-овқат ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда фронторти хизматига оид техник воситалар билан таъминлашга қаратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар доирасида вазирлик қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун янги намунадаги байрамона ва кундалик ҳарбий кийимлар намуналари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда мазкур кийимлар қўшинларда синовдан ўтказишга тайёрланмоқда.

Йил якунига кўра, шахсий таркибнинг овқатланишини ташкиллаштириш тўлиқ аутсорсинг тизимига ўтказилиб, 87 та тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда 2 минг 250 дан ортиқ фуқаролар учун янги иш ўринлари яратилди.

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда ҳарбий хизматчилар учун янги озиқ-овқат маҳсулотларининг рациони ишлаб чиқилди.

Мавжуд озиқ-овқат рационига қўшимча равишда асал, ярим дудланган колбаса, пишлоқ каби маҳсулотлар киритилди, шунингдек, шарбат ва тухум маҳсулотларининг миқдорлари кўпайтирилди.

"Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!"

Мазкур шиор доирасида амалга оширилган тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш ва ахлоқий-руҳий тайёргарлигини юксалтириш, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик тарбиясини кучайтиришга қаратилди.

Илм-фан, маданият, маънавият ва маърифат соҳасидаги етук мутахассисларини жалб этган ҳолда ҳарбий қисм ва муассасалар, маҳаллалар ва таълим муассасаларида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар, китоб ярмаркалари ва янги адабиётларнинг тақдимотлари жараёнида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида Ахлоқий-руҳий таъминот концепцияси”да белгиланган вазифалар ижроси таъминланди.

"Ватанга қасамёд" тантаналаридан кейин ҳар бир аскарга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан “Темур тузуклари” ва “Ўзбекистон тарихи” китобларининг топширилиши анъанага айланди.

Бешта муҳим ташаббус ижроси юзасидан ҳарбий қисмларда 60 та бадиий ҳаваскорлик гуруҳи, 362 та фан ва спорт тўгараклари ташкил этилиб, мазкур тўгаракларда ҳарбий хизматчиларнинг 3 минг 500 нафарга яқин оила аъзолари ҳамда фарзандлари шуғулланмоқда.

2019 йил давомида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Мудофаа вазирлиги ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаолларини жалб этган ҳолда 13 мингдан ортиқ вақтинча ишсиз ва 1 мингдан ортиқ профилактик ҳисобда турувчи ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган 7 минг 700 дан ортиқ давра суҳбатлар, учрашувлар, мулоқотлар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Таълим муассасаларида ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига оид тадбирлар, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқув хоналарини керакли барча ўқув қуроллари ва моддий воситалар билан жиҳозлангани кутилган натижаларни бермоқда.

Ҳозирги кунда, мудофаа ишлари бошқармаларидаги чақирилувчиларни тайёрлаш марказларида 9 та ҳарбий-техника мутахассислиги бўйича таълим олаётган ўқувчилар кийим-кечак, озиқ-овқат ва ётоқхоналар билан таъминланган.

Бу ишларнинг барчаси мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ҳамда Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Натижада миллий армиямиз қиёфаси тубдан ўзгариб, унинг жанговар шайлиги сезиларли даражада ошмоқда.

Мудофаа вазирлиги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.


1 194
ЎзА