ЎзА Ўзбек

26.07.2018 15:49 Чоп этиш версияси

Миллионлаб ташаббускор ёшларни руҳлантиради

Миллионлаб ташаббускор ёшларни руҳлантиради
Давлат ва жамият бошқарувида, бизнесни тараққий эттиришда, умуман, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшлар аҳамиятли кучдир. Янгидан-янги ташаббус-ғояларни илгари суриш, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда уларнинг нуқтаи назари ва саъй-ҳаракатлари ғоят муҳимдир.

Юртимизда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2018 йил 27 июнь санаси юртимиз ёшлари ҳаётида янги саҳифа очилган кун сифатида тарихга муҳрланди. Шу куни Президентимиз фармони билан “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тасдиқланди. Мазкур ҳужжат жойларда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлаш каби масалаларни ҳал этишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Мамлакатимизнинг эртанги куни учун муҳим аҳамият касб этадиган ушбу ҳужжатнинг самарали ижро этилишини таъминлаш барчамиз учун бирдай муҳим вазифа.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг навбатдаги давра суҳбати шу мавзуга бағишланди. Тадбирда Президентимизнинг “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида“ги фармони мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш устидан жамоатчилик ва парламент назоратини олиб бориш, бунда Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда сиёсий партияларнинг Ёшлар қанотлари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Депутатлар, сиёсий партияларнинг Ёшлар қанотлари раҳбарлари ва фаоллари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда давлатимиз раҳбарининг фармонида кўзда тутилган муҳим вазифалардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг позицияси белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Қонунчилик палатаси томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Давлат дастури ижросини жойларда самарали ташкил этиш мақсадида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудига Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси аъзолари ва депутатлари бириктирилиб, улар Республика ишчи гуруҳлари таркибида иш олиб бордилар.

Қонунчилик палатасининг ҳудудларга бириктирилган депутатлари томонидан Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш бўйича тарғибот ва ташвиқот тадбирлари олиб борилди, фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қилинаётган ишларда ҳудудий ва маҳаллий ишчи гуруҳларга амалий кўмак кўрсатилди. Жумладан, Навоий вилоятида жорий йилнинг 12 июль куни мазкур ҳужжат мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ҳамда 17 июль куни Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ташаббуси билан “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ижросини ташкил этишда сиёсий партиялар ва Ёшлар қанотларининг ўрни ва роли” мавзуида семинар ташкил этилди. Хоразм вилояти ҳокимлигида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Амударё ва Элликқалъа туманларида бўлиб ўтган учрашувлар давомида барча мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокида амалий мулоқот ҳамда семинарлар ўтказилди.

Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокидаги бундай семинарлар барча туман ва шаҳарларда ташкил этилди.

Қонунчилик палатаси депутатлари туман ва шаҳар ишчи гуруҳлари билан биргаликда уйма-уй юриб, ёшлар билан учрашди, аниқланган муаммоларни ҳал этишда, ишсиз ёшларни ишга жойлаштиришда ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга амалий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, фармонда белгиланган вазифаларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича тавсиялар ҳамда кўрсатмалар бериб боришди. “Ёшлар – келажагимиз” жамғармасининг туман ва шаҳар филиаллари директорлигига номзодлар танлашда ҳам кўмаклашилди.


Бу ишлар катта-катта мақсади бор, бироқ уни амалга оширишда иккиланиб, бироз қийналиб турган ёшларни руҳлантириши табиий, албатта. Олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар охир-оқибатда аниқ ташаббуси бор, янгидан-янги ғоялари билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишга тайёр бутун бошли бир авлодни юзага чиқариши шубҳасиздир.


Козимжон Тожиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси.


ЎзА
3 825