Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.11.2017 18:37 Чоп этиш версияси

“Миллатимиз ифтихори” мақолалар танлови ғолиблари тақдирланди

Бухоро муҳандислик-технология институтида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда Бухоро муҳандислик-технология институти ректори У.Муҳаммедхонов, меҳнат фахрийлари Н.Нарзуллаев, Ю.Қурбонов, Б.Жумаев ва бошқалар Шароф Рашидовнинг юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлади.

Атоқли давлат арбоби раҳнамолигида республикамиз, жумладан, Бухоро вилоятида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга сув таъминотини тубдан яхшилашга хизмат қилаётган вилоятлараро Аму-Бухоро машина канали, унинг тизимидаги қудратли насос станциялари қурилиши, газ конларининг ўзлаштирилиши, Газли шаҳрининг бунёд этилиши, кўплаб ижтимоий-маданий объектлар қурилиши Шароф Рашидов номи билан боғлиқ.

– Шароф Рашидов номини биз, ёшлар ҳам алоҳида миннатдорлик билан ёдга оламиз, – дейди Бухоро муҳандислик-технология институти талабаси Ж.Абдуллаев. – Негаки, биз таҳсил олаётган институт Шароф Рашидов ташаббуси билан Тошкент политехника институти филиали негизида 1977 йилда ташкил этилган Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтининг вориси ҳисобланади. У киши олий ўқув юртимизга келгани ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратгани ҳақида устозларимиздан кўп эшитганмиз.

Тадбирда Шароф Рашидовнинг миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга, миллий адабиётимиз ривожига, мутахассис ва раҳбар кадрлар тайёрлашга қўшган ҳиссаси, шахсий инсоний фазилатлари ҳақида ҳаётий мисоллар асосида сўз юритилди.

Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб талабалар ўртасида ўтказилган “Миллатимиз ифтихори” мақолалар танлови ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 675






Все о погоде - Pogoda.uz