ЎзА Ўзбек

30.07.2018 09:45 Чоп этиш версияси

“Milano”чилар қўлга олинди

“Milano”чилар қўлга олинди
Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, акциз маркасиз ёҳуд бошқа давлатларнинг акциз ёрлиғига эга бўлган тамаки маҳсулотларини олиб кирилишининг олдини олиш божхона органлари зиммасига юкланган муҳим вазифалардан биридир.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, соҳа ходимлари томонидан Бекобод шаҳрининг қўшни давлат билан чегарадош ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.А. ҳамда унинг 5 нафар шахси номаълум шериклари иштирокидаги ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилди. Мазкур шахсларнинг чегара тўсиқларини бузиб ўтиб, 6 қопда Ўзбекистон Республикаси акциз маркаси билан маркаланмаган қиймати салкам 108 миллион сўмлик, 13 минг 497 қути “Milano” (New York, Paris, London) номли тамаки маҳсулотларини олиб киришга бўлган уринишлари бесамар кетди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан тергов олди текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 16та божхона қоидабузарлигида қиймати 374 миллион сўмдан ортиқ бўлган 39 минг қутидан ортиқ тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

ЎзА
5 162