Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.02.2018 15:22 Чоп этиш версияси

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизимида ишлар тартибли йўлга қўйилганми?

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизимида ишлар тартибли йўлга қўйилганми?
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими аҳолига қулай жойда, барча имкониятларга эга бинода жойлашган. Атрофи озода, тартибли бир маскан. Эшикдан кираверишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбар ходимларининг қабул кунлари ва вақтлари ёзилган. Шу билан бирга миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг иш тартиби ҳам ҳар куни 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган. Пайшанба профилактика куни экани қайд этилган.

Бу ерга фуқаролар анча эрта келишган экан. Соат 9:00 бўлса ҳамки, ташкилотда ҳамма эшиклар очилгани йўқ. Мурожаат қилувчилар яна ярим соат кутгач, мутахассислар келиб, иш бошланди. Қўл қўйдириши керак бўлган кимдир, ўз арзини айтмоқчи бўлган яна биров, таклиф ва шикоятлар билан раҳбар ҳузурига кирмоқчи бўлганлар сафи кенг. Эшиклар фақат рақамланган холос. Агар бу ерга биринчи марта келган бўлсангиз, қайси бўлимга киришингиз, ишингиз қайси мутахассисдан битишини билиб олиш қийин. Бошқалардан навбатини олиб ёки андишасизлик билан эшикни очиб саволингизга жавоб олишингиз мумкин. Агар буни ўзингизга эп кўрмасангиз, марҳамат навбатда туринг.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Фаррух Исоқовнинг айтишича, мутахассислар ўрни тез-тез алмаштириб турилгани боис, йўналишлар ва исм шарифлар ёзилмаган. Фуқаролар буни бўлим бошлиғидан ёки хизмат кўрсатиш шохобчалари ходимларидан билиб олиши мумкин экан. 

– Паспортимни йўқотгандим, – дейди Баҳодир Норқулов. – Шаҳар архивидан ҳужжат олиб келишим керак экан. Боргандим. Булар йўлланма бермаса, маълумотномани олишим учун узоқ вақт кетар экан. Яна қайтиб келдим. Энди кимга учрашсам экан, деб ўйлаб турибман. Ҳозир ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган, ҳеч бўлмаса факс бор, на у ташкилот, на бу ташкилот шуни ўйлаб кўрмайди. Бор, кел. Ундан кўра, электрон тизимни йўлга қўйса, анча яхши бўларди, вақтимиз тежаларди.

Фуқаролар орасида ҳужжатида камчилик топилиб, бир неча бор сарсон бўладиганлар ҳам бор.

– Ўтган гал камчилиги бор, деб қайтариб берган ҳужжатларни тўлдириб келгандим, энди яна биттаси кам дейишяпти, – дейди Саида Зиёвуддинова. – Ёш боламни қолдириб келгандим. Яна сарсон бўладиган бўлдим.

– Оилали бўлгач, пойтахтдаги ўз уйимизга доимий рўйхатга қўйиш учун ҳужжатлар йиға бошладим, – дейди Фарруххон Шукруллаев. – Бу борада чиққан сўнгги қарорларда ҳужжатлар йиғишда анча қулайликлар берилган. Лекин соҳа мутахассисларига мурожаат қилганимда, буни билишмаслигини айтишяпти. Шундан сўнг улар айтган бир қанча ҳужжатларни олиб келдим.

Қонун, фармон ва қарорлар халқ манфаатлари учун хизмат қилиши керак. Кучга кирганидан бошлаб уни аҳолига етказиш эса мутахассисларнинг вазифаси.

Муассаса қошида бир нечта хизмат кўрсатиш шохобчалари мавжуд. Қайсики йўналиш бўйича бўлса ҳам, улар сизга керакли ҳужжатларни айта олади ва тўлдириб беради. Бу аҳолига қулайлик яратиш мақсадида яхши ва пухта ўйланган чора. 

Аҳолига кўмаклашаётган шохобча ходимларининг муносабати, муомала маданияти кўпчиликка ёқмаётгани ҳам маълум. Биргина “Манзилни тушунтириб юборинг”, деган илтимос уларнинг атрофдагиларга бўлган муносабатини очиқ-ойдин кўрсатади. Фуқаролар аллақачон бунга кўникиб қолган. Ишим битсин, куним шу ерда ўтиб кетмасин, деб елиб-югурганлар талайгина.

– Авваллари 35-хонада вақтинчалик рўйхатга қўйиш учун ҳужжатлар олинарди, – дейди Шоира Ғаниева. – Навбат жуда кўп бўларди. Шу сабабли доим эртароқ келардим. Шукрки, туманимизда бу йўналишда ишлайдиган саккизта тузилма ташкил этилибди. Энда уларга мурожаат этар эканмиз. Ҳужжатларни тўлдириб беришди. Ишим тезроқ битишини эшитиб хурсанд бўлдим.

Ҳа, тўғри, вақтинчалик рўйхатга қўйиш учун белгиланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳрида турган жойи бўйича ҳисобга олиш” хонаси атрофида ҳеч ким йўқ. Ҳозир бу иш билан 4-5 маҳалла фуқароларига хизмат кўрсатадиган шаҳар ички ишлар бўлимлари шуғулланмоқда. 

Олдин келавериб, қайси хонада қандай мутахассис ўтиришини билиб олган фуқаролар билмаганларга йўл-йўриқ кўрсатишади. Фуқароликка қабул қилиш, фуқароликдан чиқариш, фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий рўйхатга олишга оид намунавий пештахталар бўш. Тўғрироғи уларда фуқароларга ёрдам берадиган маълумот йўқ.

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг мутахассислари иккита кассада ишни 8:30да бошлаган. Аммо Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида иши битмаган фуқарога бундан нима фойда?

Бошқа туманларни ҳам ўрганиш мақсадида Яшнобод тумани ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томон йўл олдик.

Бу ерда бешта хизмат кўрсатиш шохобчаси халқ хизматида. 

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг иккита кассаси учун ҳовлидан жой (хона) қилиб берилган. Ҳозир қиш фасли бўлсада, кунлар илиқ. Лекин ёмғирли, қорли, иссиқ кунларда шу шароитда хизмат кўрсатиш мумкинми? Фуқаролар учун на бир ўтирадиган жой, на кутиш зали мавжуд. 

Кириш эшигида мутахассисларнинг қайси хоналарда ўтириши ёзилган экан. Биз ўзимиз учун керак бўлган 9-хонани узоқ изладик. Рўйхатда бор, лекин хонанинг ўзи йўқ. Ташкилотнинг иш билан шошиб юрган бир мутахассиси бизга раҳбар кераклигини эшитиб, 6-хонага киришимизни айтди. Аммо бошлиқ ўринбосарининг хонаси атрофи ишга ёки ўқишга шошган, ёши улуғ, ёш болали фуқаролар билан тўлган. Кирмоқчи бўлганимизда “навбатингизни кутинг”, дейишди. Бизнинг навбатимиз тахминан тушдан кейин келишини англадик. Тор жойда тирбанд туриш ноқулай бўлсада, навбатдан қолиб кетмаслик учун одамлар сабр билан кутмоқда.

Мамлакатимизда яшаб келаётган, аммо фуқаролиги бўлмаган юртдошларимиз учун фуқаролик паспортларини навбат билан беришаётгани маълум. Ички ишлар бўлимига бу масалада мурожаат қилаётганлар ҳам анчагина.

– Ҳужжатларимни 2014 йилда топширгандим, – дейди Саодат Шожалилова. – Президентимизнинг ўтган йилдаги “Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонидан сўнг мен ҳужжатларимни яна янгиладим. Бунга бир йил бўлди. Шу муддат давомида кўриб чиқишган экан, ҳужжатларим нотўғри тўлдирилибди. Энди хизмат кўрсатиш шохобчасида яна тўлдириб топширсам, тез орада Ўзбекистон фуқароси бўламан.

Саодат опанинг шу юрт фуқароси бўлиш завқи ҳар қандай оворагарчиликни енгишга қодир. Аслида хизмат кўрсатиш шохобчаси ходими йўл қўйган хато унинг вақти, маблағига зарар бераётган бўлса ҳам.

Биргина хато нафақат битта фуқаронинг ишини ортга суради, балки у каби ўнлаб мурожаат қилиб, навбат кутаётганлар, шу иш билан шуғулланаётган мутахассис ходимларнинг ҳам вақтини ўғирлайди. Ўз ишини севган, масъулиятни ҳис этган ҳар қандай соҳа ходими ўз йўналишида бўлаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиши, ўрганиши, амалда қўллаши жамият ривожи, давлат тараққиётини белгилайди. Зеро, бинонинг улуғворлиги, пойдеворнинг мустаҳкамлигига боғлиқ.

“Иш бор жойда, камчилик бор”, дейди халқимиз. Аммо хатоларни тўғрилаш, уни очиқ-ойдин таҳлил этиш шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, Ўзбекистон фарзандларининг вазифасидир.

Барно Мелиқулова, ЎзА
21 837