ЎзА Ўзбек

15.04.2019 21:21 Чоп этиш версияси

Миграция агентлиги собиқ амалдорлари қонун олдида жавоб бермоқда

Миграция агентлиги собиқ амалдорлари қонун олдида жавоб бермоқда

Хорижга чиқиб ишлаш кўпчиликни қизиқтиради. Тезроқ, қўпроқ пул топиш илинжи юртдошларимизни не кўйларга солмади. Юзлаб йигит-қизлар одам савдосидек манфур жиноят қурбонига айлангани сир эмас. 

Мамлакатимизда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги хорижга чиқиб ишловчиларга қулайлик яратиш, чет элларда талаб юқори бўлган ишчи кучини аниқлаб, одамларни ўша ерга қонуний юбориш учун ташкил этилган. 

Бироқ, мазкур агентликнинг айрим ходимлари халқ манфаатидан кўра, ўз манфаатини устун қўйгани текширувлар давомида аниқланган. Яна ўша таъмагирлик, одамларнинг ишини пора бермаса битириб бермаслик, мурожаат қилувчиларни сарсон-саргардон қилиш... Аммо одамлар мансабдор шахсларнинг бундай ноҳақлигидан жуда чарчади. 

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, ўтган йилнинг куз ойларида агентликдаги қатор ноқонуний ишлар фош этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор мансабдорлик жиноятлари факти юзасидан жиноят иши қўзғатилди. 2018 йил 16 ноябрда уларга нисбатан айб эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айни пайтда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида агентликнинг собиқ амалдорлари бўлган судланувчилар бўйича очиқ суд жараёни бошланган. 

Олий суд матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Орифжон Қиличев раислигида кўриб чиқилмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи лавозимида ишлаган Р.Ибрагимов, Агентлик бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган У.Назаров, Агентлик фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш масалалари департаменти Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлганларни топиш ва рўйхатга олиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А. Абдуллаев, Аагентликнинг Жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш маркази директори лавозимида ишлаган О.Махсудов қонун олдида жавоб бермоқда.

Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210 (пора олиш), 211 (пора бериш), 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 278-2 (компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Суд жараёни давом этмоқда. 

Н. Абдураимова, ЎзА
2 975