МИБ Наманганда ўзини ёққан аёл воқеаси юзасидан қандай изоҳ берди?
Тадбирда, Бюронинг вилоят бошқармаси ва шаҳар бўлими, Наманган шаҳар ИИБ, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасида бўлиб ўтган брифинг шу йил 29 сентябрь кунги ижро ҳаракатлари давомида марҳума Г. Д.нинг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ масалаларга қаратилди.
Тадбирда, Бюронинг вилоят бошқармаси ва шаҳар бўлими, Наманган шаҳар ИИБ, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
МИБ вилоят бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инпсектори Соҳибжон Рапиқов ижтимоий тармоқларда тарқалган воқеа, у бўйича ўтказилган дастлабки ўрганиш якунлари ҳақида иштирокчиларни таништириб ўтди.
МИБ масъул ходимининг қайд этишича, 2020 йилнинг 29 сентябрь куни Наманган шаҳридаги Истиқбол маҳалласида истиқомат қилган 35 ёшли марҳума Г. Д ижро ҳаракатлари давомида ўз жонига қасд қилиб, устига бензин ёқилғисини ёқиши оқибатида вафот этади. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортди.
Брифингда ижро ҳаракатлари давомида уйдан мажбурий чиқиши лозим бўлган марҳуманинг онаси М. Д.нинг фойдасига 13.000 АҚШ долларига тенг бўлган 131 млн. 991 минг сўмни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ижроси таъминланмаётганлиги ҳақида айтиб ўтилганди. Журналистлар ва блогерларга бюронинг вилоят бошқармаси ва шаҳар бўлими масъуллари изоҳ беришди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2020 йил 9 июндаги ижро ҳужжатига асосан Ф. Н.дан ундирувчи М.Д. фойдасига 13.000 долларга тенг бўлган қийматда 131.991.470 сўм миқдорида моддий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБ шаҳар бўлими иш юритувига шу йил 27 июнда йилда келиб тушган.
Давлат ижрочиси томонидан ижро ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарори қабул қилиниб, томонларга юборилган. Бироқ белгиланган муддат ичида қарздорлик бартараф этилмагани учун, қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган. Олинган маълумотларга қараганда, қарздорга тегишли ҳеч қандай мол-мулклар йўқлиги маълум бўлган.

Ҳозирда қарздор Ф.Н. Наманган шаҳридаги 1-сонли педагогика коллежи ётоқхонасида яшаётгани аниқланган. Давлат ижрочиси томонидан моддий зарарни ундирилиши бўйича оғзаки ва расман 18.08 ва 28.08.2020 йилда огоҳлантирилган ва тушунтириш хатлари олинган.
Давлат ижрочисининг қонунчиликда йўл қўйиладиган барча ҳаракатлари натижасиз бўлганлиги сабабли ижро ҳужжати ижросини таъминлаш имкони бўлмаган. Шунга қарамай ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Наманганга амалий ташрифи чоғида оммавий ахборот воситалари билан ўтказилган учрашувда 35 ёшли аёл иштирокида юз берган воқеага муносабатини қуйидагича билдирди:
“Бу ҳолатни мен мутлақо қоралайман. Балким бу ўринда аёл қайсидир маънода ноҳақдир. Мажбурий ижро бюроси тўғри талабни қўйгандир.
Лекин шунда ҳам аёлнинг ҳолатини тушуниш мумкин эди. Оддий гаплашганда ҳам кимдир чарчаб қолган, кимдир асабийлашган, кимдир ўзини тутолмаётганини сезиш мумкин. Бу ҳам айб эмас, унинг саломатлигида қандайдир муаммо кузатилаётган бўлиши мумкин.
Мана шундай ҳолатда Мажбурий ижро бюроси ўзининг ички қарори билан ижрони маълум бир муддат кейинроққа суриши, аёл ўзига келгач, яқинлари орқали тушунтириб, сўнгра яна шуғулланиши мумкин эди. Бу вазиятда Мажбурий ижро бюросининг ҳам хатоси бор, деган хулосага келдим”.
Эслатиб ўтамиз, мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёл воқеаси бўйича Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.