ЎзА Ўзбек

12.02.2019 Чоп этиш версияси

МИБ ҳамда “Тоза ҳудуд” ДУК ҳамкорлигининг аҳолига қандай қулайлиги бор?

МИБ ҳамда “Тоза ҳудуд” ДУК ҳамкорлигининг аҳолига қандай қулайлиги бор?

Маиший чиқиндилар учун тўловни ҳар ойнинг 10 санасига қадар амалга ошираман. Энг муҳими...

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, жорий йилнинг биринчи январидан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш Мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилди.

Қаттиқ маиший чиқиндилар деганда — жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек, уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек, қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар) тушунилади.

Президент Фармонида кўрсатилган мазкур вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажариш мақсадида жойларда тушунитириш ва тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Навбатдаги тарғибот ишлари Сурхондарё вилояти Узун туманидаги маҳаллаларда ташкил этилди. Мажбурий ижро бюроси ҳамда “Тоза ҳудуд” ДУК ходимлари томонидан маҳалла фаолларига Фармоннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Ҳозирда, туманда 45 маҳалладан 25 тасига “Тоза-ҳудуд” ДУК томонидан 8 та техника ёрдамида хизмат кўрсатиб келинмоқда. Кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ўз вақтида ундирилса, хизмат кўлами янада яхшиланиши соҳа мутахассислари томонидан таъкидланди.

***

Наманган вилояти Поп тумани Чинор маҳалласида истиқомат қилувчи Нодиржон Жалолов хонадонига ташриф буюрган Мажбурий ижро бюроси давлат инспекторига қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловни амалга оширди. Бундай қулайлик уни мамнун этди. 

– Авваллари тўловларни тўлашда оворгарчилик кўп бўларди, – дейди Н.Жалолов. – Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун тўловларни Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилаётгани бизга қулай бўлди. Боиси, хонадонимизга ташриф буюрадиган давлат инспекторига фойдаланилган электр энергияси, табиий газ ҳамда маиший чиқиндилар учун тўловни ҳар ойнинг 10 санасига қадар амалга ошираман. Энг муҳими, истеъмолчиларнинг қарздорлиги ошиб кетишини олдини олмоқда. 

Дарҳақиқат, туманда фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси филиали билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Тумандаги 52 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 101 минг хонадон билан шартнома тузилди. 1 январдан 11 та махсус техникалар ёрдамида белгиланган жадвал асосида маиший чиқиндилар чиқариб кетилмоқда. 

Мажбурий ижро бюроси давлат инспекторлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида Фармон мазмун-моҳиятини тушунтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратишган.​​

2 934
ЎзА