Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.09.2016 17:42 Чоп этиш версияси

Метрология соҳасидаги халқаро тажрибалар ўрганилди

Пойтахтимизда “Ўзстандарт” агентлиги ва Евро-Осиё давлат метрологик муассасалари ҳамкорлиги ташкилоти томонидан метрология соҳасидаги долзарб вазифаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Халқаро семинарда жаҳон бозорида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва хизматлар рақобатбардошлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. “Стандартлаштириш тўғрисида”, “Метрология тўғрисида”, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунлар шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасига тааллуқли қонунчилик базаси истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиб, бозорда инсонлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли маҳсулотлар пайдо бўлишининг олдини олмоқда. Шунингдек, савдо-сотиқ йўлидаги техник тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

“Ўзстандарт” агентлигининг Метрология хизматлари кўрсатиш маркази метрология соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширмоқда. Мавжуд юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари ва усулларини такомиллаштириш, янгиларини яратиш, ўлчаш, назорат ва синаш воситаларини стандартлаштириш, ўлчаш воситалари турини тасдиқлаш мақсадида давлат синовлари бўйича ишлар ташкил қилаётир.

Ўзбекистон ушбу соҳада Евро-Осиё давлат метрологик муассасалари ҳамкорлиги ташкилотига 2004 йилдан бери аъзо саналади. Мазкур ташкилотнинг Қонунлаштирувчи метрология техник қўмитаси метрология соҳасидаги қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар масалалари билан шуғулланади.

– Ўзбекистонда метрология соҳасида тизим ташкил этилиб, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборга молик, – дейди Куба миллий стандартлаш бюроси вакили Элина Гонсалес. – Бу борадаги илғор тажрибалар, замонавий ўлчаш воситалари ва тизимлари технологиялари, шунингдек, метрологик текширув масалалари бўйича ўзаро фикр алмашганимиз соҳамиз ривожига хизмат қилади.

Германия, Куба, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Словакия, Қирғизистон ва бошқа давлатлар мутахассислари иштирок этган семинарда метрология соҳасидаги халқаро амалиёт ўрганилди. Ўзбекистондаги метрологик лабораторияларнинг ўлчаш имкониятлари билан танишиш имконияти яратилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
1 413






Все о погоде - Pogoda.uz