Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 17:56 Чоп этиш версияси

Метрология ва стандартлаштириш тизими такомиллашмоқда

20 май дунё ҳамжамияти томонидан Умумжаҳон метрология куни сифатида нишонланади.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви, амалдаги қонунчилик базасини халқаро меъёрлар ва андозаларга мос равишда такомиллаштириб бориш, маҳаллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиши, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш, уларнинг рақобатбардошлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш («Ўзстандарт») агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишда стандартлаштириш ва метрологиянинг роли: тизимни ривожлантиришнинг ҳолати ва истиқболлари» мавзуидаги давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди.

Парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов, «Ўзстандарт» агентлиги бош директори А.Ҳайитов ва бошқалар стандартлаштириш ва метрология тизимларини такомиллаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар миллий иқтисодиёт тармоқларини модернизация ҳамда диверсификация қилишга хизмат қилаётганини қайд этди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 апрелдаги «Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

Қарорга кўра «Ўзстандарт» агентлиги қошида Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази ва Ўзбекистон миллий метрология институтини ташкил этиш, Республика синов ва сертификатлаштириш марказини қайта ташкил этиш назарда тутилиб, Агентликнинг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Агентлик фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 2020 йилгача 9 минг 158 корхонада менежмент тизимларини жорий этиш белгиланган. 12 марказни халқаро аккредитациядан ўтказиш, аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида 19 туманда метрологик шохобчалар ташкил этиш кўзда тутилган.

– Ҳозирги вақтда 2017 йилда менежмент тизимларини жорий этиш белгиланган вилоят ва туманлар бўйича 2 минг 100 га яқин корхона рўйхати шакллантирилиб, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда менежмент тизимларини босқичма-босқич жорий этиш жадваллари ишлаб чиқилди, – дейди Республика синов ва сертификатлаштириш маркази бўлим бошлиғи Азиз Расулов. – Бундан ташқари, Самарқанд ва Андижон синов ва сертификатлаштириш марказлари менежмент тизимларини сертификатлаштириш идоралари Туркиянинг «ТУРК АК» аккредитация ташкилоти томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди.

Тадбирда сертификатлаштириш ва стандартлаштириш қоидаларига риоя этмагани учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан иқтисодий санкциялар қўллаш меъёрлари бекор қилиниб, мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги кучайтирилгани, 23 техник регламент қабул қилиниши ҳисобига 700 дан ортиқ стандарт ихтиёрий турга ўтказилгани алоҳида қайд этилди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
6 406






Все о погоде - Pogoda.uz