ЎзА Ўзбек

17.09.2018 18:31 Чоп этиш версияси

Метро бекатларида қандай ўзгаришлар бўлади?

Метро бекатларида қандай ўзгаришлар бўлади?
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан Тошкент метрополитени маъмуриятига таклиф берилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди дастурида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб улғайтириш учун миллий қадриятлар, тарихимиз, буюк алломалар, фан ва маданият дарғаларининг ҳаёти ва фаолиятини тарғиб қилиш, ёшларимизда миллий ғурур-ифтихор туйғуларини юксалтириш муҳим вазифа этиб белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, партия вилоят кенгаши Тошкент метрополитени маъмуриятига метро бекатларида, айниқса, буюк алломаларимиз номи билан аталадиган бекатларда улар ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотларни кўпайтириш, шунга оид видеороликлар намойишини йўлга қўйиш, шунингдек, мазкур бекатлар номини эълон қилиш шаклини ўзгартириш таклифи билан чиқди.

– Ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш, аждодларимиз қолдирган маданий, илмий, ижодий меросни пухта биладиган ва уларга муносиб авлод бўлиб улғайишида бундай воситаларнинг алоҳида ўрни бор, – дейди партия вилоят кенгаши раиси М.Назаров. – Умумий узунлиги 39 километр бўлган Тошкент метрополитенининг 29 бекатидан 8 тасига буюк алломаларимиз, хусусан, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Юнус Ражабий, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон ва Ойбек номлари берилган. Аммо мазкур бекатларда шу аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ниҳоятда кам. Масалан, Алишер Навоий бекатини олайлик. Бекатнинг ички деворларига “Хамса” китобидаги 5 та достон номи ёзилган, холос. Ваҳоланки, адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қисқача маълумотлар лавҳаси, ҳикматга бой рубоийларидан намуналар, асарлари асосида олинган фильм ёки спектакллардан фото ва видеолавҳалар билан жиҳозланса, барча йўловчилар, айниқса, ёш авлоднинг буюк мутафаккир ҳақидаги билими янада бойиган бўлар эди.

Партия илгари сураётган таклифга кўра, метро бекатларида йўловчиларнинг ўртача 5 дақиқа поезд кутиши ҳисобга олинса, бекатни кузатиш ва қўшимча маълумотлар олиши учун йўловчиларда вақт бўлади. Аммо бекатда турли безак ва нақшлар, чироқлардан бошқа диққатни тортадиган маълумот йўқ. Шундан келиб чиқиб, буюк аждодларимиз, машҳур шахслар номи берилган бекатларда уларнинг ҳаёти, ижоди, илмий фаолияти ҳақида маълумотлар мазкур бекатнинг кираверишида ёритилса, ички деворларда уларнинг тафаккур дурдоналари, асарлари қаҳрамонларининг талқини, машҳур тўртликлари ифода этилса, айни муддао бўлади.

Партиянинг яна бир таклифи – бу метро бекатларининг номи эълон қилинишини адабий тил меъёрларига ва сўзлашув маданиятига мослаш. Жумладан, “Кейинги бекат – Беруний" эмас, “Ҳурматли йўловчилар, кейинги бекат – Абу Райҳон Беруний”.

Шунингдек, партия вилоят кенгаши метро бекатларидаги мониторларда юртимизнинг туризм салоҳияти, маданий мерос объектлари, бугунги бунёдкорлик ишларини тарғиб этувчи роликлар намойиш этилиши таклифини ҳам билдирган.

Авазбек Худойқулов, ЎзА
5 941