Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.08.2018 15:50 Чоп этиш версияси

"Менинг Тошкентим" танлови ғолиблари аниқланди

"Менинг Тошкентим" танлови ғолиблари аниқланди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида “МЕНИНГ ТОШКЕНТИМ” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Шаҳар ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва танлов совриндорлари иштирок этган тадбирда жамиятда аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, бугунги бўлаётган ўзгаришларда иштирок этишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. 

Тошкент – юртимиз кўрку таровати, мамлакатимизнинг кўп йиллик тараққиётни ўзида мужассам этган азим пойтахт шаҳардир. Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Шаҳар ўзининг тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, замонавий қиёфага кирди. Миллий меъморлик анъаналари ва замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилаётган турар-жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар, сўлим боғу хиёбонлар шаҳар аҳли ва меҳмонларига қулай шароит яратмоқда.

8.jpg

Жорий йилнинг июль ойида эълон қилинган танловнинг асосий мақсади пойтахт аҳолисининг она шаҳрига бўлган муҳаббатни янада ошириш, фахр ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, бугунги бунёдкорлик ҳамда кенг қамровли ўзгаришларни кўрсатишдан иборатдир. Танловда қатнашган профессионал ва ҳаваскорлар ўзининг 400 дан ортиқ ижодий ишлари билан иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан ғолиб ва совриндорларни танлашда иштирокчиларнинг мавзуга ёндашуви, ижодий маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди. Овоз бериш натижаларига кўра, “Креатив сурат” номинациясида С.Саидова, “Энг яхши сурат” номинациясида А.Кихаева, Тошкент ҳақида “Энг яхши мақола” номинациясида С.Якупов, “Энг яхши панорама” йўналиши бўйича З.Ғаффоров, "Мен ва менинг шаҳрим" мавзусидаги “Энг яхши селфи” номинациясида эса А.Калашниковалар ғолиб бўлди. 

16.jpg

– Асли Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида туғилган бўлсам ҳам, ота-боболарим тошкентлик эди, – дейди танловнинг “Энг яхши мақола” номинацияси ғолиби Сауржан Якупов. – Оиламиз 1968 йилда Тошкент шаҳрига кўчиб келди. Менинг болалигим, бутун ҳаётим мана шу жонажон гўша билан боғланди. Шу кунгача пойтахтимизда бўлаётган ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб, ўзим ҳам кўп қатори жамиятимиз равнақи йўлида хизмат қилмоқдаман. Мақоламда оддий фуқаро сифатида шу каби кўплаб масалаларни ёритишга ҳаракат қилдим.

Тадбирда танловга тақдим этилган энг яхши фотосуратлар кўргазмаси намойиш қилинди. Ташкилотчилар томонидан ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. 

Абдулазиз Мусаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
5 511