ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга салодур

Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга салодур

Юз йиллар аввал Абдулла Авлоний бобомиз, “Ҳой, инсонлар тўйларимизни бироз қисқартирайлик !”, деган эдилар, то ҳанузгача одамлар қулоқ солмай келаётибди. Абдулла Қодирий бобомиз: “Ҳой аҳли мусулмон, инсоф борми сизда, тўйга сарф бўладурғон ақчангизни илмга сарфласангизчи?” дея хитоб қилган эдилар, хитоб хитоблигича бирор жавобсиз қолиб кетди. Илм шароби билан тўлмаган паймоналарга яна илмсизлик оғуси тўла бошлади. Абадий савол яна қаршимиздан кўндаланг чиқди: “Энди нима қилмоқ керак?”

Яна илмга эмас, тўй ҳашамга ружу қўя бошладик. Яна тараққиёт сари эмас, ҳузур ҳаловат сари йўл олдик. Яна қўлимизга китоб эмас, эгнимизга кийим бош сотиб ола бошладик. Яна китоб дўконлари эмас, кутубхоналар эмас, чойхона, ресторан, кафэ, барлар қуришга ружу қўйдик. Кутубхоналарга борсангиз тўртта одамни топишингиз амри маҳол, Абу Сахийга, Ипподромга, Ўрикзорга борсангиз одам кўплигидан қадам ташлашга жой йўқ.

Наҳотки нафсимиз бизга шу қадар ҳукмрон бўлса? Наҳотки ҳамма нарсани овқат билан, кийим кечак билан ўлчайдиган даражага етиб келдик? Сирдарёга борадиган бўлсам, дўстларим, “Сирдарёнинг балиқлари зўрда!” деб қўйишади. Жиззахга бораман десам: “Жиззах сомсага бўкар экансан-да!” дейишади. Сурхондарё дейилганда дарҳол кўз олдиларига, “Тандир гўшт” келади. Одамнинг асаби ўйнайди. 

Сирдарёга кетаяпман десам, бирортаси ҳеч бўлмаса кўнгил учун ҳам: “Амир Темур бобомиз набираси Мирзо Улуғбекка мулк қилиб берган, Навоийнинг, Мирзо Бобурнинг қадами етган жойларга борар экансан-да!” демайди. Тошкентдан келаяпман десам, ҳеч ким номига бўлса-да, "Буюк Қаффол Шошийнинг, улуғ Шайх Хожанди Тоҳурнинг, Хожа Аҳрор Валийнинг, Шайхулислом Алихон Тўра Соғунийнинг ватанидан келаяпсанми", демайди," "Абдулла Қодирийдек, Ойбек, Ғафур Ғуломдек алломаларнинг юртидан келаяпсанми?" демайди. Нега? Нега Жиззах дейилганда одамларнинг кўз олдига дарҳол Фозил Йўлдош ўғли, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Сарвар Азимов, Назир Сафаров, Шароф Бошбеков, Мамадали Маҳмудов сингари улуғ шоир-у ёзувчиларни, забардаст давлат арбобларини вояга етқазган юрт кўз олдиларига келмайди. Нега Сурхондарё дейилганда Ҳаким ат-Термизий сингари даҳолар кўз олдиларига келмайди. 

Нега Алпомишлар, Барчинойлар юрти кўз олдиларига келмайди, маънавиятимиз даҳолари кўз олдиларига келмайди, юракларида фахру ифтихор уйғонмайди, инсон учун йўлчи юлдуз бўлган ақлу идроклари дарҳол ўз сўзини айтмайди, керакли топшириқни бермайди. Ўз сўзини айтмаслигига сабаб у инсоннинг ҳукмрони ақли эмас, ҳукмрони ошқозон. Айтмаслигининг сабаби қалбларига нафс балоси ўрнашиб олган. Мана шу нафс балоси туфайли биз даҳоларимиз билан, миллатимизнинг байроқдорлари билан ғурурланмаймиз, биз уларнинг байроқлари остида эмасмиз, биз овқатларимиз, базмларимиз, тўйларимиз билан ғурурланамиз. Овқатларимизни кўз-кўз қилишни истаймиз. Чунки бизга илмимиз ҳукмрон эмас, нафсимиз ҳукмрон. Бизга одобимиз, тарбиямиз, иймонимиз ҳукмрон эмас, нафсимиз ҳукмрон. Нафсимиз қаёққа етаеласа, ўша ёққа кетамиз. Зўр овқат бор экан деса, шаҳарнинг нариги чеккасида бўлса ҳам борамиз. Зўр китоб бор экан деса, шаҳарнинг қоқ ўртасидаги кутубхонага бормаймиз.

Футбол бўлаяпти деса, бир неча юз чақирим йўл босиб одамлар ёпирилиб келади, аммо замонамизнинг энг зўр академиги уйининг олдига бориб маъруза ўқиса, эшитиш учун чиқмайди, илтимос қилиб чиқаришса, энсаси қотиб ўтиради. Мабодо бирор ўтиришда, чойхонада, гап-гаштакда футбол ҳақида гап ташласанг, соатлаб баҳслашади, ёқангни йиртгудек бўлиб томоғингни буғади, аммо имом Бухорийдан бир сўз айтсанг, ҳаммаёқ совийди, ёвқараш бошланади. Бирор овқатнинг янги тури чиқибди десанг, қаерда деб, манзилини ипидан игнасигача суриштириб, аниқлаб олади. Бир катта олим чиқибди, янги кашфиёт қилибди десанг, дарҳол, “Ҳа чиқса, нима бўпти, бирор нарса ўзгариб қолармиди?” дейди-да, дарҳол қулоғини кар қилиб олади. Гапдан тўхтаган заҳотинг мавзуни ўзгартириб, бошқа нарсаларни гапириб кетади. “Тўйларимизни сал қисқартирайлик”- деб қолсангиз борми, “Сани орзу ҳавасинг йўқми?” дея ёввойи одамга қарагандай сени четга чиқариб ташлайди. Дарҳол бағритош, бераҳм, фарзандини камолини ўйламайдиган, калтафаҳм, калтаўй одамга айланасан-қоласан. Яқинда Уругвай ёзувчиси Эдуардо Галеонанинг айнан бизнинг ҳаётимизга мос фикрларини ўқиб қолдим. У шундай дейди: “Биз тубанлик ботқоғига ботиб бўлдик. Чунки, биз учун севиб уйланишдан кўра, дабдабали тўй муҳим. Марҳумга йиғлашдан кўра, жанозасини тантанали ўтказиш муҳим. Соғлигимизни асрашдан кўра, чиройли кийиниш муҳим. Оллоҳга муҳаббат қўйишдан кўра, масжидларимизни муҳаббат билан ҳашаматли қуриш муҳим”.

Яқинда бир дўстим қизини чиқарди. Ишонасизми, келиннинг устига кийган либоси 22 килограмм экан. Жимитдеккина қиз пешинда 22 килограмлик либосни устига кийган. Либосни келин нафас ололмайдиган даражада сиқиб кийдиришган, шаҳар айлантиришган, фотосессия қилдиришган, айлантириб-айлантириб, тўйхонага олиб келишган, йиқилай-йиқилай деб, бир ютум нафас ололмай базўр турган келин, тўйхонадаги базми-жамшидда беш соатга яқин ўтирган, кейин келинни куёвникига олиб боришган, базмнинг давоми куёвникида давом этган, хуллас, келин охири ҳушдан кетиб йиқилган. Ҳушдан кетган келинга “Тез ёрдам” чақириб, зўрға ўзига келтиришган. То келин ўзига келгунча бир олам яхши-ёмон сўз унинг боши узра айланган. Шунда ҳам ҳеч ким айбни 22 килограмлик либосга қўймаган. Бошимизга бало бўлган, куракда турмайдиган қилиқларимизга қўймаган. Либосни олиб берган, кийдирган, шу либосни киймаганига қўймаган одамларга айбни тўнкашмаган, ҳамма айбни жимитдеккина келиннинг ўзига тўнкашган. Албатта келиннинг ўзи ҳам беайб эмас. У шу либосни танлаган, олиб беришларига қўймаган, ҳамма киядиган либосни нега мен еиймайман, деб хархаша қилган. Демак айб кимда? Айб урф-одатимизда! Айб шу урф–одатларимизни гуллаб яшнатаётган тийиқсиз ва ҳакалак отган нафсимизда. Айб шу нафсимизни жиловлай олмаганимизда.

Беҳуш бўлиб ётган келинни устида ҳам жиллақурса бизга шу ашқал-дашқол нимага керак ўзи деб ўйлай олмаганимизда. Тўйдан кейин қарзга ботиб ўтирганимизда, шунча кераксиз сарф-харажат қилгунча кўрпамга қараб оёқ узатсам бўлмасмиди, деб ўйлай олмаганимизда. Тўйдан тўёналарни олиб, бу тўёналарни йиллар давомида вақт-бевақт қайтариш учун зир югурган пайтларимиз, тўйга кетган шунча сарф-харажатни ўғлимнинг ўқиши, илм олиши учун сарфласам бўлмасмиди, дея олмаганимизда. Катта-катта қора қўчқорларни боқишни, семиртиришни қотирамиз-у, болаларимизга тарбия беришни, ўқитишни, таълим-тарбия беришни, дунёнинг энг катта дорилфунунларида таҳсил олишини, иккинчи даражали иш деб қараймиз. Гоҳо, бир қўчқорга берадиган меҳримизни фарзандларимизга беролмаймиз. Қўчқорни молбозорга олиб бориб, қимматига сотсак, ўзимизда йўқ қувонамиз, аммо дунёнинг нариги қитъасида, айтайлие, Бразилияда бир инсон қўчқорга эмас, ўз ўғлига болалигидан меҳрини бериб, ўқитиб, илм бериб, машқ қилдириб, ҳам жисмонан, ҳам маънан тарбиялаб, боқиб Европа футбол бозорида, ўғли билан футбол командаси ўртасида миллион долларлик шартнома тузса, оламшумул ютуққа эришса, бунинг афзаллиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаймиз.

Сеул шаҳрида энг қиммат квартиралар ўқув юртлари атрофида экан. Ўзбекистоннинг бирор шаҳрида шундайми? Афсуски, бирор шаҳримизда ундай эмас. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. Қайси тўйхонада тўй қилиш ҳақида эса жуда кўп ўйлаганмиз. Деярли ҳаммасини бир-бири билан солиштириб кўрганмиз. Фалон ресторанда қилсам, менга обрў бўлади, дея пинҳона ўйлаганмиз ҳам. Амалдорлар эса каттароқ тўёна олиш учун, амалидан кетмасдан тезроқ тўй қилиш пайида бўладилар. Пора дарҳол тўёна ниқобини кийиб, битмай турган ишларнинг битишига, юришмай турган ишларнинг юришиб кетишига хизмат қилади. Тўёна аслида тўй қилаётган одамга озгина мадад бўлиши учун берилади, аммо баъзида амалдорларга бериладиган тўёнанинг миқдори шу даражада бўладики, бу “тўёна” билан яна битта тўй қилса бўлади.

Қизиғи шундаки, бирор бой данғиллама тўй қилса, камбағал “Аҳмоқ бўлиб шунча нарсани исроф қилдинг, столдаги нарсалар ейилмай қолиб кетди, ихчамроқ қилсанг бўларди, ҳа майли, нима ҳам дердим, бу бойда, бунинг чўнтаги кўтаради, меники кўтармайди”, демайди. Мен ҳам шу бойга ўхшаб катта тўй қиламан, дейди, у аҳмоқ бўлса, мен ҳам унга қўшилиб аҳмоқ бўламанми, демайди. "Кўрпага қараб оёқ узатиш" ни ўзига ор деб билади. Мен бундан ақллироқман, мен исрофгарчиликка йўл қўя олмайман, мен меҳнат билан топган озгина пулимни, болаларимнинг илм олиши, маънавий дунёсини бойитиш учун ишлатаман, тарбиясини яхшилашга хизмат қиладиган китобларни олиб беришга сарфлайман, демайди. Ер юзининг бошқа қитъаларидаги одамлар йигирма ўттиз киши билан никоҳ тўйларини ўтказиб, бахтли-саодатли, ували-жували, ками-кўстсиз, маънавий баркамол турмуш кечираётгани билан иши йўқ. Тўйи тантанали бўлмаса, ҳаёти ҳам тантанали бўлмайди, деб ўйлайди.

Тўй кўпчилик билан бўладиган анжуман. Бир одам тўйни қисқартираман, деган билан қисқартиролмайди. Чунки унинг ўзи ҳам камида уч юз тўрт юз одамнинг тўйига борган. Демак, унинг ўзи ҳам тўйига уч юз-тўрт юз одамни чақириши керак. Айтмаса, маломат тошларининг тагида қолиши аниқ. Биз учун бу ҳаётда тўйдан ҳам муҳимроқ ишлар бор, бу муҳимроқ ишлар ёшларимизнинг илм олиши, Ўзбекистон иқтисодини, маданиятини, санъатини дунёнинг энг буюк давлатлари даражасига олиб чиқиш, инсоният тараққиётига ўзимизнинг муносиб улушимизни қўшиш, янги-янги техника кашфиётларига, жамиятимизга фойда келтирадиган илмий ихтироларга эришиш, илм-фан чўққиларини эгаллаш, жаҳон адабиёти дурдоналарини яратиш, Ўзбекистон санъати довруғини етти иқлимга таратиш, дунё аҳли ҳавас қиладиган баркамол авлодни инсониятга армуғон қилишдир. Ушбу йўлда барчамиз бир ёқадан бош чиқарайлик азизлар!

Муҳаммад ИСМОИЛ, 
Ҳалима Худойбердиева номидаги
Ижод мактаби директори

2 053
ЎзА