ЎзА Ўзбек

16.08.2018 18:17 Чоп этиш версияси

Менинг маҳаллам – менинг судьям

Пойтахтимиздаги Турон маҳалласида Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди билан ҳамкорликда “Менинг маҳаллам – менинг судьям” шиори остида учрашув ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан судлар томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг жиноий, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ишлари бўйича судлар томонидан аҳоли ўртасида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” шиори остидаги сайёр учрашувларни ўтказиш жадвали тасдиқланди.

Мазкур учрашувлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, судлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, пойтахтимиздаги ҳар бир маҳаллани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган турли тадбирларни ўз ичига олади.

Тадбирда судьялар аҳолини мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан батафсил таништирди.

Учрашув сўнггида фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари қабул қилиниб, тегишли маслаҳатлар берилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
3 708