Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2017 18:01 Чоп этиш версияси

Сурхондарёлик ва андижонлик ота-оналар аскар ўғиллари билан дийдорлашди

Сурхондарёлик ва андижонлик ота-оналар аскар ўғиллари билан дийдорлашди Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб Сурхондарё ва Андижон вилоятларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирокида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган видеомулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида замонавий техника ва қурол-яроғ ҳамда малакали ҳарбий кадрлар билан таъминланган, мамлакатимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир профессионал миллий армиямиз шакллантирилгани алоҳида таъкидланди.

Мустақиллик йилларида соҳада амалга оширилган туб ислоҳотлар миллий армиямизга муносабатни тубдан ўзгартириб, Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий тузилмаларида соғлом маънавий, ахлоқий-руҳий муҳит яратди. Ҳарбийларни ижтимоий, моддий ва маънавий ҳимоя қилиш, хизматини муносиб рағбатлантириш йўлга қўйилди. Ўтган йилларда Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бири Жалолиддин Мангуберди ордени билан тақдирланди. Термиз ҳарбий госпитали ва ҳарбий қисмлар мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида ўтказилаётган нуфузли кўрик­-танловларда фаҳрли ўринларни қўлга киритмоқда. Ўз бурчини шараф билан адо этиб, тинчлик-осойишталигимизни асраш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшаётган ҳарбийлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда.

Кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида хизмат қилишни нафақат конституциявий бурч, балки юксак шон-шараф ишига, ёшларимизнинг фахр-ифтихор туйғусига айлантираётир. Мард, жасур ўғлонларимиз онгу шуурида ўз ифодасини топаётган бу каби юксак фазилатлар уларнинг ота-оналари ва яқинларига ҳам бир олам қувонч улашмоқда.

Музработ тумани Обод турмуш маҳалласида истиқомат қилаётган Тошпўлат Суюнов 32-умумтаълим мактабида ёш авлодга илм-фан сирларини ўргатмоқда. Ўғлини Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камолга етказган ота учун аскар бўлиш армонга айланган эди. Эндиликда ўғли Рўзибой Сафаров отасининг ана шу орзусини рўёбга чиқариб, Андижон вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини шараф билан ўтамоқда.

– Ўғлим Рўзибой билан фахрланаман, – дейди Тошпўлат ака. – Видеомулоқот орқали фарзандим билан дийдорлашар эканман, беихтиёр кўз ўнгимда ўзимнинг ёшлик даврим гавдаланди. Ўша пайтларда аскарларга бугунгидек қулайлик ҳам, ота-оналари билан мулоқот қилиши учун шароит ва имконият ҳам бўлмаган. Мустақиллик туфайли барчаси ўзгариб, ҳарбий либос кийиш шарафга айланди. Фарзандларимизнинг Ватан олдидаги бурчини садоқат билан адо этиши учун яратилган шароитлардан кўнглимиз хотиржам. Бундай қулайликларни яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз.

Онлайн мулоқот жараёнида андижонлик ва сурхондарёлик ота-оналар фарзандлари билан кўришди, уларнинг аскарлик ҳаёти ҳамда яратилган шароитлар билан танишди. Байрам билан табриклади.

– Видеомулоқот аскарларга ҳам, уларнинг ота-оналарига ҳам катта қувонч ва ўзгача сурур бағишлади, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Юнусова. – Туғилиб ўсган шаҳари ёки қишлоғидан юзлаб чақирим узоқда йигитлик бурчини ўтаётган фарзанди билан бевосита мулоқот қилиш ҳар қандай онанинг кўнглига хотиржамлик, ёруғлик бахш этади.

– Ўғлим Ҳусанбой Солиев болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди, – дейди Марҳамат туманидаги Ровот маҳалласида яшовчи Ҳикматхон Эргашева. – Орзуси амалга ошиб, аскар бўлди. Видеомулоқотда қатнашган ўғлимни ҳарбий либосда кўриб, беихтиёр тўлқинланиб кетдим. Ватан корига камарбаста фарзанд тарбиялаганимдан қалбим қувончга тўлди. Мен мана шундай мулоқотни ташкил этишга, фарзандларимиз билан дийдорлашишга имкон яратиб берган ташкилотчиларга барча аскар оналари номидан миннатдорлик билдираман.

Андижон вилояти Марҳамат тумани Гулистон маҳалласидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Зиёдбек Алижонов ҳам ўз яқинлари билан дилдан суҳбатлашди.

Марҳамат агросаноат касб-ҳунар коллежининг ҳуқуқшунослик йўналишини тамомлаган Зиёдбек ўтган йилги чақирув мавсумида жисмоний тайёргарлик ва тест синовларидан етарли балл тўплаб, юртимизнинг жанубий сарҳадларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтамоқда. Болаликдан стол тенниси билан шуғулланган ёш чегарачи ҳарбий қисмда бўлиб ўтган мусобақада биринчи, ҳарбий қисмлараро ўтказилган беллашувда иккинчи ўринни эгаллади. Келажакда етук ҳуқуқшунос бўлишга аҳд қилган оддий аскар айни пайтда ҳарбий қисмнинг имтиёзли йўлланмасини қўлга киритишга пухта ҳозирлик кўрмоқда.

– Осойишта ва обод Ватанимиз чегаралари дахлсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман, – дейди оддий аскар Зиёдбек Алижонов. – Аскарлик даврида ҳаётга муносабатим тубдан ўзгариб, дунёқарашим янада бойиди. Ватаннинг нақадар азиз ва мўътабар эканини чуқур англадим. Онам билан онлайн суҳбатда ана шулар ҳақида фахр-ифтихор билан сўзлаб бердим. Гапларимдан хурсанд бўлган яқинларимнинг байрам билан табриклагани кайфиятимни янада кўтариб юборди.

Тадбирда ҳарбийлар ва уларнинг оналарига юксак эҳтиром кўрсатилиб, бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди. Мазкур тадбир аскарлар ва уларнинг оналарида катта таассурот қолдирди Юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида тинч-осойишта ҳаётга шукроналик, ҳарбий бурчга садоқат, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Видеомулоқотда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, Фахриддин Убайдуллаев, Фарҳод Абдурасулов, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
3 051






Все о погоде - Pogoda.uz