Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Ота-оналар фарзандларининг ҳарбий хизматдаги ҳаёти билан танишди

Ота-оналар фарзандларининг ҳарбий хизматдаги ҳаёти билан танишди Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида ўз йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” деб номланган видеомулоқот бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашга қодир ва ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ, техника ва малакали кадрлар билан таъминланган профессионал миллий армиямиз шакллантирилгани алоҳида таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Иброҳимова, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари, полковник И.Маллаев, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси О.Дониёров ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун шон-шараф ишига айлангани, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар учун давлатимиз томонидан қатор имтиёз ва имкониятлар яратилгани, фарзандлари онги ва қалбида жўш ураётган бундай юксак туйғулар ота-оналарга ҳам ўзгача фахр-ифтихор бағишлаётгани ҳақида сўз юритди.

Видеомулоқотда Жиззах вилоятидаги ва Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган аскарларнинг ота-оналари ва яқинлари ўз фарзандларининг ҳарбий ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлар билан танишиб, байрам тилакларини изҳор қилди.

– Ўғлим Достон Анорбоев Жиззах вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда, – дейди Қўнғирот туманидаги "Ҳамза" овул фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳайитбике Узоқбоева. – У Қўнғирот қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини тамомлаб, ҳарбий хизматга чақирилган эди. Беш нафар фарзандимиз бор. Достон оилада иккинчи ўғил, акаси сингари у ҳам ҳарбий хизматни адо этишни орзу қиларди. Ниятига етди. Видеомулоқот орқали боламни кўриб жуда қувондим, хизмати ҳақида, дўстлари ҳақида гапириб берди. Ўғлим ҳақида командирларидан эшитган мақтовлар кўнглимни кўтариб юборди.

Уйидан, яқинларидан, қадрдон қишлоғидан узоқда Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ота-оналарига ўзларининг ҳарбийлик ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

– Тошкент ҳуқуқшунослик коллежини тамомлаб, муддатли ҳарбий хизматга Жиззах вилояти Зомин туманидан чақирилдим, – дейди оддий аскар Фаррух Набиев. – Ҳозир Нукус шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида ҳарбий хизматни ўтаяпман. Бу ерда барча шароит яратилган. Кўплаб дўстлар орттирдим. Келгусида олий ўқув юртида ўқишни давом эттириб, етук мутахассис бўлишни мақсад қилганман.

Видеомулоқот якунида бадиий жамоалар, таниқли санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА
3 628






Все о погоде - Pogoda.uz