Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 16:59 Чоп этиш версияси

“Мен Ўзбекистонни севаман”

“Мен Ўзбекистонни севаман”
Пойтахтимизда “Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси томонидан аҳоли ўртасида суғурта хизматларини янада оммалаштириш, суғурта ҳимоясининг афзалликларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Мен Ўзбекистонни севаман” акциясининг якуний маросими бўлиб ўтди. Тадбирда компания мижозлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“Ўзбекинвест” томонидан суғурта ҳимоясининг афзалликларини тушунтиришга қаратилган тарғибот ишлари натижасида охирги йилларда компанияга нисбатан мижозлар ишончи ортиб бормоқда.

Компания имижини оммалаштириш ва суғурта хизматларини тарғиб қилиш ҳамда аҳолининг суғурта ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш мақсадида реклама-маркетинг фаолиятини фаоллаштириш бўйича тадбирлар ташкил этиш яхши анъанага айланган. Ватанга муҳаббат ва дахлдорлик туйғуларини шакллантиришга қаратилган Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида компаниянинг фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўтказилган “Мен Ўзбекистонни севаман” танлов якунлари эса мингдан ортиқ иштирокчиларни қамраб олди.

Тадбир давомида “Мен Ўзбекистонни севаман” акциясининг 3 нафар ғолибига ноутбук, планшет ва замонавий мобиль телефон аппарати топширилди. Шунингдек, иштирокчилар ўртасида викторина ташкил этилиб, юртимиз мустақиллиги тарихи ва рамзлари билан боғлиқ саволларга жавоб берганлар тақдирланди.

ЎзА