Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.06.2018 16:02 Чоп этиш версияси

Меморандумлар имзоланиши кутилмоқда

Меморандумлар имзоланиши кутилмоқда
Мухбиримиз “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича 
ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” 
мавзусидаги халқаро конференциядан хабар қилади.

Конференция иштирокчилари экологик тоза технологияларга ихтисослашган “Green & Ecological Technologies Central Asia – GETCA 2018”, Марказий Осиё халқаро кўргазмасида, бизнес-форумда, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутахассисларининг халқаро молия институтлари ва ташкилотлар билан учрашувларида иштирок этмоқда.

– Оролнинг йиллар давомида олдини олиш имкони бўлмаётган жиддий фожиаси табиат инсонларга бўйсинмаслигини яққол ифодаламоқда, – дейди Бутунжаҳон сув кенгаши Президенти Брага Бенедито. – Шу боис бутун дунё аҳолиси бир овозда, бир тилда сўзлашиб, унга кўмак беришга мажбурмиз. Сувдан оқилона фойдаланиш борасидаги билимларимизни ўртоқлашиб, ҳамкорликда ишлашимиз, инновацион усуллар ишлаб чиқишимиз шарт. Ана шунда биз Оролни қуришини олдини олиш ва уни яна тўлдириш чорасини топишимизга ишонаман.

Форумда хорижий ва маҳаллий бизнес вакилларининг жалб қилинган инвестицияларини амалга ошириш учун, Оробўйи минтақасининг экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятини яхшилашга йўналтирилган лойиҳалар тўплами маъқулланди. Конференцияда қабул қилинадиган якуний ҳужжат, шунингдек конференция материаллари тўплами Марказий Осиё Республикалари ва хорижий давлатлар парламентлари ва ҳукуматларига, халқаро ва жамоат ташкилотларига йўлланиши мўлжалланмоқда.

– Кеча Оролнинг қуриган ерларини кўриб, ўзим гувоҳ бўлдим, вазиятнинг жиддий эканига, – дейди БМТнинг махсус маслаҳатчиси Юкио Такасо. – Бироқ биз у ерда умид учқунларини ҳам кўрдик. Меҳмонхоналар, болалар боғчаси ва мактаблар қурилгани, кўплаб қушларнинг учиб юргани бизга ана шундай қувонч берди. Бизнинг мақсадимиз бу ерда яшаётган аҳолининг иш билан таъминлаш, атрофнинг экологик, ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашдан иборат. Оролнинг зарарини камайтириш чораларини албатта топамиз.

Қайд этиш керакки, форум доирасида БМТТД Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ГЭФ агентлиги ва ОҚХЖ Қозоғистондаги ижроия дирекцияси ўртасида денгизнинг қуриган тубида ўрмон барпо этишни мувофиқлаштириш бўйича ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти фан ва технология соҳасидаги доимий қўмитаси (КОМСТЕК ОИС) ўртасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик борасида Меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.

Сайёра Шоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
6 509