ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Медиа тур якунлари – талқин ва тушунчалар ўзани қаёққа олиб боради?

Медиа тур якунлари – талқин ва тушунчалар ўзани қаёққа олиб боради?

Кеча Бўстонлиқ туманига турли ОАВ вакиллари ва блогерларни таклиф этилиб, медиа тур уюштирилди. Мазкур тадбир таассуротлари, унда ҳақиқатда қатнашиб, воқеликни ўз кўзи билан кўрганлар қолиб, айрим деталларга кўра умумий хулоса қилаётган журналист, блогерлар, назаримда, шов-шув кетидан қувиб, воқеликка ўта бирёқлама муносабат билдиришяпти. Шу боис, расмий-идоравий услубдан чекиниб, содда ва жайдари равишда айрим мулоҳазаларни билдиришни лозим кўрдим.

Хусусан, Олий суд вакилларининг медиа турда иштирок этиши уларга таажжуб туюлаётгани, суд тизимига нисбатан бошқа умумий дунёқараш, тасаввур билан «безаб» сўзлаётганлари мутлақо тушунарсиз. Бўстонлиқда бу масалалар (снос, ўзбошимча иморатларга қарши курашиш, йўлларни кенгайтириш) бўйича ҳукумат комиссияси ишлай бошлагач, мулкка нисбатан даъвоси бор одамлар интернетни «портлата» бошладилар.

Шундан сўнг, Олий суд ва бошқа судларнинг вакиллари сайёр тартибда Бўстонлиқда томонлар иштирокида даъво аризаларини кўриб чиқди. Медиа турда Олий суд вакилининг иштирок этиши – журналист ва блогерларда суд амалиёти ҳақида саволлар, мулоҳазалар бўлса, жойида бир мулозим томонидан умумий жавоб олиш учун кўрилган тадбир эди.

Бир жиҳатни тушунинглар, мол аччиғи – жон аччиғи. Тўғри, одамлар эгалик қилиб олган ҳудудларни қўлдан чиқармаслик учун ҳамма чораларни кўряпти. Ижтимоий тармоқда кунига 50 та атрофида мана шу ҳолатга доир чиқишлар бўляпти. Бу масалани қонун кўзи билан, давлат ва миллат манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиққан судлар ҳақидаги чиқишларнинг ўзини санасангиз 200 дан ошади. Ҳали суд бўлиб турганда одамлар фейсбукка жонли эфирни бошлаб, норозилик мазмунидаги чиқишларни бошлаб юборишди. Олий суд ҳам матбуот билан ишлайди. Улар ҳам ўз имижи учун қайғуради. Бу вазиятда мазкур инстанциядан вакилнинг қатнашгани алоҳида истеҳзоларга сабаб бўлаётгани – шундан бошқа деталь, аргументга эга бўлмаган блогер ва журналистларнинг юзаки қараши, холос.

photo_2020-07-04_16-39-52.jpg

Медиа тур давомида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирок этди ва ҳар бир ҳолат бўйича муфассал тушунтириш берди. Яъни, Тошкентнинг «ўпка»си бўлган, «Ўзбекистон Швейцарияси» деб ном олган сўлим Бўстонлиқ ўзгариши керак. У ерга туризм маданияти, инфраструктураси кириб келиши керак, шарт ва зарур. Масаланинг моҳияти шунда. Фақат ўзининг фойдасини ўйлайдиган, назоратсиз фаолият олиб боришга ўрганиб қолган айрим «дача» эгаларининг нафси шу қадар ҳакалак отганки, болалар учун йўлак қолдиришмаган! У ерларда ҳар бир қарич ер пул ва манфаат нуқтаи назаридан баҳоланган, вассалом. Ҳатто қабристон устида емакхона (оддийгина қишлоқ чойхонаси эмас, Бўстонлиқона дабдабали маишатхона) қурилганига нима дейсиз?

Масалан, бир одам деҳқон хўжалиги учун ер олиб, ернинг энг манзарали қисмининг учинчи бир томонга ижара шартномаси шаклида бериб, борган сари ўз бизнесини гуллаб-яшнатаётган бўлса, ўзингиз айтинг, бундай ибтидоий туризм, халқ ва давлатга тупуриб қўядиган тадбиркор кимга керак? Чорвоқ сув омборининг энг қалтис бурилиш нуқтасида тирбандликни юзага келтириб, ҳеч кимдан сўроқсиз қурилиш устига қурилиш қилиб бораётган бу одамларни қандай қилиб тадбиркор дейсиз? Аввал боринг, кўринг, хулоса қилинг! Мен ўзим кимларнинг тарафини оляпман, реал воқелик фейсбук ёки you tube дан бошқачароқ бўлиши ҳам мумкинку, деб фикрлаб кўриш қийин эмаску!

Уйи бузилишга тушган одамлар билан суҳбатлашсангиз, қўлида тайинли ҳужжати йўқ ёки амма-холасини ўртага қўйиб, қачонлардир бир муттаҳам қўлига ҳужжат қилиб берган. Лекин фуқарога турар жой учун ер ажратиш тўғрисидаги асосий ҳужжат йўқ. Олди-сотди шартномасининг нотариус тасдиқлагани ҳақида васиқа, бошқа коммунал тўловлар учун тузилган шартномалар, хуллас, классик бардак. Аммо худди шу жойларни жамики қонунларга тупуриб қўйиб эгаллаб олган фуқаролар ҳужжатлари бундай кемтик эканини билишмаганми? Билишган. Аммо ётиб қолгунча отиб қол деб, охирги кунларга қадар меҳмон қабул қилиб, уйни дачага айлантириб, пул ишлаш билан машғул.

Шунча иш бўлгунча ҳокимият, тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари қаерда эди, деган савол ҳам бор. Вилоят прокурори бу ҳақда журналистларга айтди – айбдорлар жазосини олди, оляпти. Лекин ўзбошимча иморатлар қуриб олган фуқароларга огоҳлантириш берилмаган деган фикрлар ҳам мутлақо асоссиз. Давлат ходими ҳозирги кунда (барча иш кенг жамоатчиликнинг қатъий назоратида, интернет асрида бажарилаётган даврда) фуқаро, айниқса, тадбиркор билан зиддиятга боришга жудаям ишқибоз эмас, буни тушунинглар.

Охир-оқибат бу ишлардан мурод кимнидир қақшатиш эмас. Барча эпизодларда давлат фуқаро ва тадбиркорларга ён беряпти. Лекин давлат қонунлари ва жамият меъёрларига тупуриб қўйган, мешчанларча «дача» бизнесини гуллатадиган сохта тадбиркорлардан кимгадир наф борми?

Бу медиа турга қатнашган ақлли, мулоҳазали журналистлар ҳали ўз сўзини айтади, унгача шовқин солмай туринглар.

Беҳзод Қобулов,
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

3 552
ЎзА