ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига тадбиркорлик сирлари ўргатилди

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига тадбиркорлик сирлари ўргатилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамда Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда Хўжайли тумани 1-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига “Тадбиркорлик нима ва уни бошлаш бўйича мавжуд имкониятлар” мавзуида бизнес-семинар ташкил этилди.

- Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда, — дейди Туризм ва тадбиркорликни ривожлантириш бўлими раҳбари А.Абибуллаев. – Қарорда ижтимоий етимликни камайтириш, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш, тарбия муассасаларининг иш фаолиятини яхшилаш, шунингдек, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

15.JPG

Ёшлар иттифоқи эса тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ишга жойлаштирилиши учун масъул ҳисобланади.

Бизнес семинарда Хўжайли тумани Ягона дарча маркази раҳбари ва мутахассислари иштирок этди ва ўзларининг фаолияти ҳақида кенг тушунчалар берди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшлар гувоҳнома олиш учун дастлаб Ягона дарча марказига боришлари ва шу ердан тадбиркорлик фаолиятини бошлаши мумкин эканликлари тушунтирилди.

17.JPG

Тадбирда меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Тадбир ташкилотчилари 6-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатида ҳам бўлди. Ушбу таълим даргоҳидаги тарбияланувчиларига концерт дастури намойиш этилди ва китоблар, ўқув қуроллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

19.JPG

1 248
Е. ҚАНОАТОВ, М. ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА