Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2017 18:52 Чоп этиш версияси

Меҳр-оқибат ва саховат шодиёнаси

Меҳр-оқибат ва саховат шодиёнаси Қўқон шаҳридаги “Ўрда” тантаналар саройида бўлиб ўтган 13 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи уларнинг хотирасида бир умр сақланиб қоладиган бўлди. Халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саховат тантанасига айланган бу тадбирлар замирида инсон манфаатларига бўлган юксак эътибор мужассам.

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйларида халқимизга хос меҳр-оқибат, саховатпешалик ва муҳтожларга моддий-маънавий кўмак беришдек олижаноб фазилатлар ўз ифодасини топмоқда. Бундай тадбирлар Фарғона вилоятида ҳам юксак савияда ўтказилмоқда.

Қўқон шаҳрида ташкил этилган никоҳ тўйлари катта шодиёнага айланди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда вилоят фаоллари, эл орасида обрў-эътибор қозонган нуронийлар, меҳнат фахрийлари, келин-куёвларнинг ота-оналари, яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Келин-куёвлар учун мароқли сайр ташкил этилди. Ўзбекона тўйнинг бевосита гувоҳига айланган бир гуруҳ канадалик сайёҳлар ўз ҳайратларини бундай ифодалади:

– Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганмиз, лекин ўзаро ҳамжиҳатлик ва аҳилликда уюштириладиган бундай файзли тўй тантаналарини ҳеч қаерда кўрмаганмиз, – дейди Даниэл Десрочес. – Каттаю кичикнинг қувноқ кайфиятда бир-бирига самимий муносабатда бўлиши, муҳташам бир саройга шунча одам тўпланиши, шодон ўйин-кулгини бошқа юртларда учратмайсиз. Ўзбек халқининг бундай бағрикенглиги, меҳмондўстлигидан бутун дунё ибрат олса арзийди.

Миллий урф-одат ва анъаналаримиз асосида ташкил этилган никоҳ тўйи карнай-сурнай садолари остида келин-куёвларни кутиб олиш билан бошланди. “Қўқон ёр-ёри” фольклор-этнографик ансамблининг келин саломи барчага хуш кайфият бағишлади.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, айниқса, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий самарасини бераётгани таъкидланди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу каби хайрли амалларнинг кўлами янада кенгаймоқда.

– Ёшларнинг бахтиёр чеҳраларини кўрган ҳар қандай киши уларга ҳавас қилади, – дейди “Нуроний” жамғармаси Данғара тумани бўлими раиси Рафиқжон Қурбонов. – Халқимизнинг барҳаёт қадриятлари, анъаналари бугун янада янгича сайқал топмоқда. Албатта, бу каби эзгуликларга ёш оилалар ҳам сидқидилдан меҳнат қилиб жавоб қайтаришади.

Ёш оилаларга Президент совғаси – замонавий ётоқхона мебеллари тўплами, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди. Никоҳ узуги, миллий сарполар туҳфа қилинди. Келин-куёвларнинг иш билан таъминланган ё таъминланмагани ўрганилиб, ишсизлари тегишли тартибда ишга жойлаштирилди.

– Фарзандим Абдулазизнинг никоҳ тўйини ўтказяпмиз, –дейди Фурқат туманида яшовчи Одинахон Жалолова. – Турмуш ўртоғим бевақт вафот этгани туфайли ўғлимнинг тўйини ўтказишга қийналиб турган эдик. Ўғлим келиним Дилором Зокирова билан даврага кириб келаётганида унинг отасиз экани билинмади. Бундай эзгу ишлар бошида турган Президентимизга, ҳукуматимизга, барча саховатли инсонларга чин дилдан миннатдорлик билдираман. Кам таъминланган оилалар ва уларнинг фарзандларига кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрликдан бошимиз кўкка етмоқда.

Келин-куёвларга самимий тилаклар билдирилди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Имконияти чеклангани сабабли тўй тантаналарида бевосита иштирок этолмаган ўн учинчи жуфтлик – Бағдод туманидан Шуҳрат Эгамбердиев ва Шаҳноза Маматқулова хонадонида ҳам “Ёр-ёр” садолари янгради, бу янги оила аъзоларига ҳам Президент совғалари тантанали равишда топширилди. Тўй сарполари ва ҳадялар туҳфа этилди.

Маросимда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
4 357






Все о погоде - Pogoda.uz