Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.05.2017 18:59 Чоп этиш версияси

Меҳр-оқибат ришталари мустаҳкам бўлсин

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Ғазалкент қишлоғида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Холим ота Холтоевнинг хонадони гавжум. Бугун бу ерга отани йўқлаб Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий ҳамда вилоят кенгашлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари ва бир гуруҳ ёшлар келган.

– Меҳмони кўп хонадонда барака ҳам мўл бўлади, – дейди Холим ота томорқадаги юмушларга кўмаклашаётган ёшларга насиҳат қилар экан. – Яқинда ҳокимиятдан вакиллар келиб, Президентимиз номидан 2 миллион сўм пул мукофоти ва юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий “Damas” автомашинасини навбатсиз сотиб олиш учун сертификат беришди. Бу хурсандчиликнинг ҳовури босилмай туриб, куни кеча яна бир қизиқ воқеа бўлди. Тушга яқин дарвозамиз олдида бир машина тинимсиз сигнал беради, денг. Ким бўлди экан, деб чиқиб қарасам, шарлар, ранг-баранг тасмалар билан безатилган янги “Damas” турибди-да. Меҳмонлар машинанинг эгасини кутиб турган экан шекилли, кўриниш беришим билан бутун маҳалламизни карнай-сурнай садолари тутиб кетди. Бундай ғамхўрликдан руҳланиб, сизларга ўхшаган Ватан хизматига камарбаста ёшларни кўриб, ўзимни янада тетик ҳис этаман. Бизнинг бошимизга тушган машаққату ситамлар ҳеч қайтмасин, тинч, осойишта ва фаровон юртимизни Яратганнинг ўзи асрасин, деб дуо қиламан.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган бу каби тадбирларда Президентимиз раҳнамолигида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимизни хотирлаш, жанглардан омон қайтган ва бугун орамизда бўлган, фронт ортида меҳнат қилганларга эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланиб, совға-саломлар улашилмоқда.

– “Кексаларимиз ёшлар эъзози ва эътиборида” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган тадбирларда партиянинг “Истиқбол” ёшлар қаноти ҳамда “Ёш сиёсатчилар” клуби фаоллари иштирокига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши сектор мудири У.Бектемиров. – Ёшлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонида бўлиб, уй юмушларига кўмаклашмоқда, томорқа ишларига ёрдам бераётир. Нуронийларнинг мароқли суҳбати ва панд-насиҳатлари ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Холим отага партия марказий кенгаши ҳамда ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Бундай тадбир ва учрашувлар Бўстонлиқ туманидаги Қоранқул ҳамда Хондайлиқ қишлоқларида ҳам бўлиб ўтди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
6 030






Все о погоде - Pogoda.uz