ЎзА Ўзбек

04.09.2018 20:21 Чоп этиш версияси

Меҳр, эътибор ҳеч бир қалб учун бегона эмас

Меҳр, эътибор ҳеч бир қалб учун бегона эмас
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига Тошкент шаҳрида жойлашган 21-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари таклиф этилди.

Дастлаб университетга ҳаяжон ва қизиқиш билан келган болажонлар учун мултфилм қаҳрамонлари иштирокидаги қизиқарли ўйинлар, санъаткорлар қатнашган қисқа концерт намойиш этилди. Сўнгра дастурхон ёзилиб, ош тортилди.

photo5220015797890558368.jpg

Бугун биз университетимизга биринчилардан бўлиб биномиз ёнгинасида жойлашган 21-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини таклиф этдик — дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ректори Шерзодхон Қудратхўжаев. Болажонлар учун университетимиз эшиклари ҳамиша очиқ, ёзги кинотеатримиздан фойдаланишлари мумкин, улар билан биргаликда тадбирлар қиламиз. Аввал ҳам улар билан бир неча бор учрашиб суҳбатлашганман. Болалар орасида келажакда журналист бўлишни ният қилганлари ҳам борлиги бизни жуда қувонтирди. Бугунги тадбирни ташкил этишда ҳам бизга бир қанча ташкилотлар кўмаклашди.

Шундан сўнг болалар университет бўйлаб экскурсия қилишди ва бино ҳовлисида жойлашган ёзги кинотеатрда мултфилм томоша қилишди.

photo5220015797890558377.jpg

Бугун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ташкил этилган тадбирдан бизнинг тарбияланувчиларимизнинг кайфияти анчайин кўтарилди. Умид қиламизки, болаларимиз ҳам келажакда мана шундай муҳташам университетда ўқиш бахтига эга бўлишади — дейди Тошкент шаҳрида жойлашган 21-сонли меҳрибонлик уйи раҳбари Ўлмасжон Камолов.

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан болажонлар учун совғалар улашилди.

Инобат Аҳатова, ЎзА
9 941