Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 23:06 Чоп этиш версияси

Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини холис ёритиш механизмлари

Урганчда “Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини холис ёритиш ва ахборотни ўз вақтида тақдим этиш механизмлари” мавзусида журналистлар учун семинар-тренинг ўтказилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган чоралар белгиланган. Шунга мувофиқ, бугунги кунда ушбу йўналишда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолини муносиб иш билан таъминлаш, меҳнат меъёрларини бажариш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар матбуот хизматлари ходимлари учун бундай тренинглар ташкил этилаётгани мамлакатимизда меҳнат ҳуқуқлари тарғиботида ижтимоий медиа ва журналистик суриштирувнинг ўрни янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу журналистларнинг профессионаллик даражасини ошириш, ҳудудий ОАВда меҳнат ҳуқуқлари, муносиб меҳнат шароитлари, мажбурий меҳнат каби мавзуларни кенг ва фаол ёритиш имконини беради.

Тренингда журналистлар меҳнат меъёрлари бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар билан атрофлича таништирилди.

Журналистларнинг ахборот технологиялари янги механизмлари билан ишлашдаги билим ва кўникмасини бойитиш, мутасадди идоралар матбуот хизматлари билан ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

А.Шокиров, ЎзА