ЎзА Ўзбек

13.08.2018 17:38 Чоп этиш версияси

Меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси ва оммавий ахборот воситалари

Меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси ва оммавий ахборот воситалари Фарғонада “Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини холис ёритиш ва ахборотни ўз вақтида тақдим этиш механизмлари” мавзусида семинар тренинг ўтказилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидаги оммавий ахборот воситалари ҳамда Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари иштирок этди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган чоралар белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу йўналишда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, муносиб иш билан таъминлаш, меҳнат меъёрларини бажариш, болалар ва мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишининг олдини олиш бўйича самарали ишлар олиб борилаётир.

Жумладан, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича давлат дастури амалга оширилмоқда. Олий Мажлис Сенати қошида Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 10 майда "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор қабул қилинди.

9 (2).JPG

Бугунги кунда мамлакатимизда таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари, талабалар, ижтимоий соҳа вакилларини дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига жалб этишни таъқиқлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, кенг жамоатчилик бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга ўз муносабатини оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқларда очиқ ва эркин билдирмоқда. Натижада ушбу соҳада муаммолар, йўл қўйилаётган камчиликлар сезиларли равишда камайишига эришилаётир.

Тадбирда меҳнат ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинаётган сўнгги ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, халқаро стандартлар ва соҳада ОАВ эркинлиги бўйича ҳам фикр алмашилди.

Фуқароларнинг қонунлар тўғрисида етарли билимга эга бўлиши, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданияти ошишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс экани таъкидланди. Фактлар ва ишончли манбаларга таянадиган сифатли мустақил журналистикани шакллантириш бўйича соҳа ходимлари зиммасида турган муҳим вазифалар хусусида фикр алмашилди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
5 225