Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 15:24 Чоп этиш версияси

Меҳнат ҳуқуқингиз ҳимояланганми?

Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Бош қомусимизда кафолатланган бу ҳуқуқлар амалда мамлакатимиз фуқароларининг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши, пировардида ҳар бир шахснинг меҳнати самарасидан баҳраманд бўлиши, фаровон турмуш кечириши учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Пойтахтимизда “Меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари ва ходимларнинг бу борадаги ҳуқуқлари судда ҳимоя қилинишининг ўзига хос жиҳатлари” мавзуида ташкил этилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 22 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунига кўра, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги таъминланиши бош омил этиб белгиланган.

Ходим қулай ва хавфсиз иш ўрнига эга бўлиш ҳуқуқига эга. Меҳнат шароити ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли шароитлар яратилиши устидан назорат амалга оширилади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига чалинган ходимлар ижтимоий ҳимоя қилинади. Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади.

– Ҳар бир ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари қонунчиликда мустаҳкамланиши баробарида уни амалда таъминлаш, судда ҳимоя қилиш изчил йўлга қўйилган, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Шерзод Ражабов. – 2017 йил биринчи ярмида меҳнат низоси билан боғлиқ 237 иш кўриб чиқилди. Ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш билан боғлиқ даъволарнинг аксарияти қаноатлантирилди.

Семинарда меҳнат қонунчилигида иш берувчи ва ходимнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятга эга эканлиги тушунтирилиши баробарида улар ўртасида низо келиб чиққан тақдирда буни аввало музокаралар йўли билан ҳал этиш, бунда иш жойларида ташкил этилган меҳнат комиссиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Тадбирда меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 017






Все о погоде - Pogoda.uz