Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 16:41 Чоп этиш версияси

“Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонлари топширилди

Жиззах вилояти ҳокимлигида “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Маълумки, Президентимизнинг 2017 йилнинг 14 июлдаги қарори билан таъсис этилган 1, 2, 3- даражали "Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган фахрийлар, шунингдек, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишига бағишлаган оналар тақдирланади. Биринчи марта берилаётган ушбу кўкрак нишони билан Жиззах вилоятидан 34 нафар киши тақдирланган эди.

“Нуроний” жамғармаси фаоллари, жамоатчилик вакиллари таклиф этилган тантанали маросимда кўкрак нишонларини Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев топширди.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз томонидан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак ҳурмат-эҳтиром, берилаётган имтиёз ва яратилаётган қулайликлар учун миннатдорлик билдирди.

– Президентимизнинг фахрийларга кўрсатаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигидан беҳад мамнунмиз, – дейди Ғаллаорол тумани марказий шифохонаси шифокори, I-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Эсон Норматов. – Бу ўз соҳасида сидқидилдан меҳнат қилган кишиларга кўрсатилган катта ҳурмат ифодасидир. Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, улкан бунёдкорлик ишлари устидан чиқасиз. Ҳар куни бир янгилик, ҳар соатда бир ўзгариш. Масалан, бизнинг Жиззах вилоятининг маркази бўладими ё исталган бир қишлоқ бўладими, албатта, нимадир бўляпти. Айниқса, қишлоқларимиз шаҳармонанд қиёфа касб этиб, одамларда ҳаётга қизиқиш ортмоқда, келажакка ишонч мустаҳкамланмоқда. Ёшларимиз турли соҳаларда эришаётган ютуқлар ҳақида-ку, гапирмай қўя қолай, ҳамма кўриб турибди. Биз, фахрийлар юртимизда рўй бераётган мана шундай оламшумул ўзгаришу янгиланишларда фаол иштирок этиш, ўз ҳаётий тажрибамизни ёшларга ўргатиш, уларни Ватанимизга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялаш ишига камарбаста бўлишга тайёрмиз.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
6 308