МДҲ мамлакатлари университетлари ўртасида видеоконференция бўлиб ўтади
Шу йилнинг 26 май куни МДҲ мамлакатлари университетларининг COVID-19 пандемиясининг Ҳамдўстлик мамлакатлари иқтисодиётига таъсирига бағишланган халқаро видеоконференцияси бўлиб ўтади.
Шу йилнинг 26 май куни МДҲ мамлакатлари университетларининг COVID-19 пандемиясининг Ҳамдўстлик мамлакатлари иқтисодиётига таъсирига бағишланган халқаро видеоконференцияси бўлиб ўтади.
Ушбу анжуман Тошкент давлат шарқшунослик университети, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Осиё ва Африка мамлакатлари институти, Санкт-Петербург давлат университети, Беларусь давлат университети, Баку давлат университети, Ереван давлат университети, Молдова давлат университети, Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети, Тожикистон миллий университети, Ўш давлат университети томонидан ташкил қилинди.
2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилмоқда. Раислик концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унда маданий-гуманитар соҳага, хусусан, фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим ўрин ажратилган. Шу муносабат билан биз нафақат мамлакатларимиз, балки бутун инсоният учун ўта долзарб бўлган муаммо юзасидан халқаро видеоконференция ўтказиш ташаббуси билан чиқишга қарор қилдик. Бизнинг ҳамкасбларимиз, ҳамкорларимиз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади ҳамда COVID-19 пандемиясига бағишланган ушбу тадбирни ташкил қилиш ва ўтказиш мақсадида бирлашди.
Дунёда COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ бўлган номақбул эпидемиологик вазият қарор топди ва шу муносабат билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемиясини эълон қилди.
Ҳозирги пайтда коронавирус инфекцияси улкан глобал инқирозга олиб келди, у ўзининг чуқурлиги ва кўламига кўра сўнгги юз йилликдаги барча жаҳон инқирозларидан ўзиб кетди. Дунё бўйлаб бутун бир соҳалар, ниҳоятда кўп корхоналар, компаниялар ва корпорациялар ҳалокат ёқасига келиб қолди. Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши прогнозларини ўта мақбул деб бўлмайди, улар кун сайин ёмон томонга ўзгариб бормоқда.
Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, пандемиянинг салбий оқибатларини бутун дунё бўйлаб 3,3 миллиард меҳнатга лаёқатли аҳолининг 2,7 миллиарди, яъни ишчи кучининг 81 фоизи ўз мисолида ҳис этади. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти 2020 йилда туризм даромади тушиб кетишининг энг оғир ҳолатини 78 фоизгача деб баҳоламоқда, бу эса халқаро сайёҳлик ташрифларнинг 850 миллиондан 1,1 миллиардгача йўқотилишига, миллий иқтисодиётларнинг туризмдан экспорт тушумларининг 1,2 триллион АҚШ долларигача камайишига сабаб бўлиши мумкин. Жаҳон савдо ташкилотининг маълумотларига кўра, 2020 йилда жаҳон савдоси ҳажми учдан бир қисмига, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 40 фоизга камайиши мумкин.
Халқаро валюта жамғармасининг раҳбари Кристалина Георгиева шундай деб қайд этади: “Моҳиятан, жамғармамизнинг 75 йиллик тарихи давомида ҳеч қачон бунчалик кўп мамлакатлар шошилинч молияланишга муҳтож бўлмаган – бизга бир пайтнинг ўзида 85 мамлакат мурожаат қилди”.
Таъкидлаш керакки, CОВИД-19 миллий иқтисодиётларнинг ишбилармонлик фаоллигига салбий таъсир кўрсатади ва жаҳон бозорида тиғизликни кучайтиради. Келажакда эса корхоналар, компанияларнинг ёпилиши, ишсизлар сонининг кўпайиши туфайли глобал иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини жиддий тарзда заифлаштириши мумкин. Ўз навбатида, иқтисодий таваккалчиликнинг алоҳида зонасига айнан ривожланаётган давлатлар, шу жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари кириб қолиши мумкин.
Шу муносабат билан МДҲ мамлакатларини коронавирус инфекциясининг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлиги катта аҳамият касб этади. Ушбу мамлакатлар иқтисодиёти бир-бирига ниҳоятда боғлиқ, уларнинг ўртасида яқин кооперацион, инвестицион ва миграцион алоқалар ҳам мавжуд. Демак, МДҲ мамлакатлари фақат бирлашган ҳолатда юзага келаётган мислсиз қийинчиликларни енгиб ўтиши мумкин. Биргаликдаги хатти-ҳаракатларни сафарбар қилиш ва уларни самарали жорий этиш қўйилган мақсадларга эришиш имконини беради. Бунинг учун МДҲ нинг мавжуд имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, эпидемиологик вазият бўйича мониторинг ва тезкор маълумотлар билан алмашишни йўлга қўйиш, Ҳамдўстлик мамлакатларида COVID-19 га қарши курашда ўзаро маслаҳат ёрдамини ва амалий ёрдам кўрсатиш зарур.
Шу нуқтаи назардан ўтказилаётган халқаро видеоконференция танланган муаммо нуқтаи назаридан ҳам, ўтказилаётган шаклига кўра ҳам, шунингдек ўз мамлакатларининг етакчи олий ўқув юртлари бўлган МДҲ нинг 9 мамлакатидан иштирокчилар қатнашаётганлиги билан ҳам ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади. МДҲ давлатлари академик ҳамжамиятининг интеграцияси – бу таълимнинг байналминаллашуви ва ҳамкорликнинг шонли анъаналари мустаҳкамланишининг муҳим омилидир. Мазкур видеоконференция бундай шаклда илк бор ўтказилмоқда. Умид қиламизки, бундай тадбирлар мунтазам ўтказилади, иштирокчиларининг сафи эса кенгайиб боради, айни пайтда МДҲ да фан ва таълимнинг барча йўналишлари бўйича долзарб масалалар муҳокамаси учун майдон яратилади.
Ташкилий қўмита аъзолари, спикерлари ва модераторларига кўрсатаётган ёрдами ва видеоконференцияда иштироки учун миннатдорлик билдирамиз.
Элёр МАҲМУДОВ,
Ташкилий қўмита раиси,
Тошкент давлат шарқшунослик университетининг
халқаро ҳамкорлик бўйича проректори