ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

ОБ-ҲАВО МАЪЛУМОТИ: мазкур ҳафта мамлакатимизда қор ёғиши кутиладими?

ОБ-ҲАВО МАЪЛУМОТИ: мазкур ҳафта мамлакатимизда қор ёғиши кутиладими?

Куз фаслининг иккинчи ойи ҳам ўтиб бормоқда. Хўш, октабрь ойининг охирига қадар об-ҳаво қандай бўлади? Аҳоли орасида бу ҳафта қор ёғар экан деган гаплар юрибди. Бу саволга “Ўзгидромет” маркази вакили жавоб берди.

Юртимизга салқин ҳаво кириб келиши натижасида кузнинг илк кунлариданоқ салқин тушиб, ёмғир ёғди, шамол кучайди. Айниқса, 9 сентябрь куни совуқ тушгани билинди. Шу куни ҳаво ҳарорати 13-18 даража атрофида бўлгани қайд этилди. Бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 2-4 даражага паст демакдир.

Бир ой олдиндан прогнозлар кўпроқ иқлимий тавсифга эга – кунма кун об-ҳавонинг қандай бўлишини аниқ прогнозлашнинг имконияти йўқ. Нафақат Ўзбекистонда балки жаҳон амалиётида ҳам об-ҳаво маълумотларини тайёрлашда 6 кунлик прогнозлар ишончли ҳисобланади.

Дунёнинг етакчи об-ҳаво марказлари маълумотларига ва ўзимизнинг кузатишларимизга таяниб бу йилги октябрь ойи ҳарорати ўртача кўп йиллик кўрсаткичлар атрофида бўлишини айтиш мумкин.

Ҳозир давом этаётган биринчи ўн кунликда ҳарорат кечаси 8-13 даража илиқ, кундузи 20-25 даража илиқ. Ойнинг иккинчи ярми ва охиригача ҳарорат бир оз пасайиб кечаси 7-12 даража илиқдан 2-7 даража илиққача, кундузи эса 20-25 даража илиқдан 12-17 даража илиққача ўзгаради.

Ёғинлар бўйича ҳам октябрь ойи меъёрларга яқин бўлиши, айрим жойларда эса ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлиши мумкин.

Юртимизнинг шимолий ҳудудлари – Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарёда 2-10 мм гача, қолган жойларда 15-30 мм, тоғ ва тоғолди туманларида 44-74 мм гача ёғингарчилик бўлиши мумкин. Умуман олганда ёмғирли кунлар сони ўртача 5-7 кун, Бухоро ва Навоийда 2-4 кунни ташкил қилиши мумкин. Масалан, Тошкентда 1951 йилда октябрь ойида 18 кун ёмғирли бўлган.

Қор ёғиши ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Лекин шу ҳафтада Москвада қор ёғиши ҳақидаги маълумотлар мавжуд.

5 019
ЎзА