ЎзА Ўзбек

14.07.2018 13:03 Чоп этиш версияси

Мажбурий ижро бюроси муаммога ечим топди

Мажбурий ижро бюроси муаммога ечим топди

– "Қарздорлиги бўлмаган маҳалла” танловининг ташкилий жараёни кетмоқда, – дейди ЎзА мухбири билан суҳбатда Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси ходими Гулшода Қурбонова. – Тўлов маданиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилган ушбу танловда қатнашиш учун жойлардаги маҳаллалар ташаббус кўрсатаётгани айни муддаодир.

Халқимиз сувнинг ҳам сўрови бор, деб бежиз айтмайди. Истеъмол қилинган ҳар қандай энергия ресурси учун тўловни амалга ошириш керак. Айрим фуқароларимизнинг ҳақиқатан ҳам қарз тўлаш имконияти йўқ. Аммо бу тўловдан озод бўлди, дегани эмас.

Масалан, Бекобод шаҳридаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи И.Сейтумировнинг қарздорлиги бўлгани боис тармоқдан ўчирилган эди. У ўтган вақт давомида асосий қарздорликни ёпган, аммо тармоққа қайта уланиш учун белгиланган талабларни бажаришга имконияти бўлмаган. МИБ ходимлари фуқаронинг ижтимомий аҳволини ҳисобга олиб, маҳалла фаоллари билан биргаликда қарздорлик муаммоларини ўрганди ва бартараф этди. Бекобод шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Т.Абдурасулов ҳомийлигида унинг қарзлари қоплаб берилди ҳамда табиий газ тармоғига қайта уланди.

Кўрсатилаётган бундай ҳомийликлар сабабли ижтимоий аҳволи оғир оилалар ўз қарздорлигидан қутилиб, муаммоларга ечим топиб, халқ дардини енгиллаштираётган МИБ мутасаддиларига миннатдорлик билдирмоқда.


Муҳайё Тошқораева, ЎзА
8 947