ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

Мажбурий автосуғурта табиий офат зарарларини қоплаб берадими?

Мажбурий автосуғурта табиий офат зарарларини қоплаб берадими?

Кучли шамол ва ёмғир натижасида дарахт шохларининг автомобиль устига тушгани ёки сел, ер кўчкиси оқибатида зарар кўрган автомобиллар ҳақидаги суратлар сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кўп тарқалмоқда.

Шу ўринда савол туғилади, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси ёки халқ тилидаги мажбурий автосуғурта ушбу зарарларни қоплаб берадими? Мажбурий автосуғуртада нима суғурта қилинади: машина ёки ҳайдовчи?

2008 йилда амалиётга жорий этилган ушбу мажбурий суғурта тури “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори билан тартибга солинган. Суғуртанинг ушбу тури суғурта ташкилотлари томонидан бир хил шартлар асосида амалга оширилади. Демак, мажбурий автосуғурта барча ҳайдовчилар учун мажбурий, қайси суғурта компаниясида суғурта полисини харид қилиш ихтиёрийдир.

Мажбурий автосуғуртада ҳайдовчининг автомобилни бошқариш вақтида бошқа кишининг соғлиғи ёки мол-мулкига (ўзи бошқарувидаги автомобилга эмас) зарар етказиши оқибатида зарар ўрнини тўлаб бериши мажбурияти суғурталанади. Яъни ушбу зарарнинг ўрни ёки унинг маълум қисми “айбдор” ҳайдовчи томонидан эмас, балки суғурта компанияси томонидан тўлаб берилади.

Дейлик, ҳайдовчи ўз бошқарувидаги автомобилида кутилмаган тасодиф билан йўлдан ўтаётган сигирни уриб кетди. Натижада кимнингдир мулки бўлган сигир ўлди ва ҳайдовчида сигирнинг эгасига унинг қийматини тўлаш мажбурияти юзага келади. Бундай ҳолатда суғурта компанияси ҳайдовчининг зарарни қоплаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Ёки кучли шамол бўлиб кўп қаватли уй атрофида турган машина устига дарахт йиқилди ва машина пачақ бўлди. Машина эгасининг ўзи моддий зарар кўрди, лекин кимнингдир зарарини тўлаб беришга мажбур бўлмади. Бундай ҳолатда суғуртанинг мажбурий автосуғурта тури бўйича ҳеч қандай моддий зарар қоплаб берилмайди.

Зарарни тўлаб беришда лимит борми?

Ҳайдовчи автомобилни бошқариш вақтида кутилмаганда учинчи шахснинг соғлиғи ёки мулкига зарар етказиб қўйса, суғурта компанияси ушбу зарар учун ҳайдовчига эмас, жабрланувчига зарар миқдорича ёки кўпи билан 12 миллион сўмгача пул тўлаб бериши мумкин.

Суғурталанган ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида кимнингдир соғлиғи ёки ҳаётига жиддий зарар етган бўлса, 12 миллион сўмнинг 65 фоизи, яъни 7,8 миллион сўмгача, агар мулкига етган зарар учун 35 фоизи, яъни 4,2 миллион сўмгача маблағ тўлаб берилади.

Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 март куни қабул қилинган тегишли қарори билан 2019 йилнинг 16 июнидан ўзгаради, яъни зарарни қоплаб бериш суммаси 12 миллион сўмдан 40 миллион сўмгача оширилади.

“Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси Матбуот хизмати.

3 239
ЎзА