ЎзА Ўзбек

24.07.2018 12:51 Чоп этиш версияси

Маймунлар тўла оролдаги вайрона қалъа

Маймунлар тўла оролдаги вайрона қалъа
“Шри-Ланкани тўла маънода тушуниш учун албатта орол марказидаги Сигирия қоясига бориш керак”, деган гапда жон бордек. Бу қояда Сигирия номи остида машҳур бўлган қалъа бор. Табиат гўзаллигини ўзида намоён қилган мазкур қоя ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Сигирия қалъаси денгиз сатҳидан 370 метр баландликда барпо этилган. Айни дамда қалъа вайроналари сайёҳларни ўзига жалб қилади. Тарихчиларнинг фикрича, муҳташам қалъа эрамиздан аввалги V асрда қирол Датусеннинг катта ўғли Касапа томонидан қурилган. Касапа ўзи барпо қилган қалъа атрофи мамлакатнинг янги пойтахти бўлишини орзу қилган эди. Чунки мустаҳкам деворлари билан машҳур бўлган бу қалъа ташқи ҳужумлардан муҳофаза қилиш имкониятларига эга эди. Қиролнинг саъй-ҳаракатлари зое кетмади. Биллур фавворалари, сўлим боғлари билан машҳур қалъа ўзининг буюклиги билан одамларни лол қолдирарди. Буни қалъанинг ҳозиргача сақланиб қолган ҳимоя тизимидан ҳам билсак бўлади.

Қалъага “Шер қояси” дея ном берилган. Бунга қояга элтувчи йўлларнинг шер панжасига ўхшаб кетиши сабаб бўлса, ажабмас.

Ҳозир бу йўллар сақланиб қолмаган. Аммо шернинг панжасини эслатувчи кўриниш мавжуд. Муҳташам сарой ҳам нураб бўлган. Айни дамда сайёҳлар саройнинг бир қисминигина кўришлари мумкин, холос.

Сарой қолдиқларининг ўзиёқ бу ерда Осиё дабдабасини намоён қилади. Қоя тепасига чиқишингиз билан қалъа деворларини томоша қилиш имкониятига эга бўласиз. 
Сигирия узоқ муддат ўз сирларини яшириб ётган. XIX асрга келибгина англиялик олим Жонатан Форбс томонидан кашф қилинди. Унгача Сигирия XVI-XVII асрларда бир-икки марта эсланган. Бугунги кунда қалъа нафақат вақт синовлари, балки вайронкор урушлар туфайли ҳам вайронага айланиб улгурди.

Қирол Касапанинг укаси Могаллан ўз қариндошлари устидан ғалаба қозонгач, пойтахтни аввалги жойи – Анурадхапуру шаҳрига қайтарди. Касапа эса мағлубиятга учрагани боис, ўз жонига қасд қилди.

Сигирия қалъаси ҳақида турли тахминлар бор. Айримлар қалъани аввалига монастир бўлганини айтишади. Бу ғоя тарафдорларининг айтишича, Сигирия аслида қадимий ибодатхоналар мажмуйи бўлиб, қирол Касападан аввал ҳам бор эди. Тарихчилар ҳам қалъа барпо этилишидан аввал мазкур қояда ибодатхона мавжуд бўлганини таъкидлашади. Қоядаги ғорда аёлларнинг сурати ҳам мавжудлиги, қадимда бу ерда ибодатхона бўлганлигини исботлаши айтилади. Олимларнинг фикрича, қояда одамлар эрамиздан аввалги 5 минг йилликдан бошлаб яшаган.

Сигирия қояси ўзининг гўзаллиги билан машҳур. Унинг гўзаллигини қоянинг энг теппасига чиқибгина томоша қилиш мумкин. Қоядаги ғорлар хам бир-биридан ўз вазифаси ва гўзаллиги билан ажралиб туради. Мураккаб Сув омборлари тизими ҳам кишини ҳайратга солади. Ҳар гал ёмғир ёққанида омборлар сув билан тўлади ва ариқлар орқали Сигирия қалъасидаги боғлар бўйлаб айланади. Фаввора ва ҳовузлар орол марказида жойлашган.

Оролда маймунлар жуда кўп. У ерга бориш осон эмас. Пойтахт Коломбодан йўлга чиққан сайёҳ Дамбулла шаҳрига етиб олса бўлгани, у ерда бошқа транспортга ўтириб, 4 соат давомида айланма йўллар, тоғ сўқмоқлари, осма кўприклар орқали кўзлаган манзилига етиб олади.

Йўллар кўринишига қараб “Фил”, “Шер”, “Кобра” йўллари деб аталади. Қирол Касапанинг фавворалар билан машҳур қасри ҳозир йўқ бўлиб кетган. Аммо вайроналарнинг ўзини ҳам бир марта кўриш орзусида бўлган минглаб сайёҳлар ҳар йили Сигирия томон йўлга чиқишади.

Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА
4 308