ЎзА Ўзбек

19.07.2018 14:26 Чоп этиш версияси

Мавзуга қайтиб. Тошкент вилоятидаги йўқ қилинган тутзорлар қайта тикланяптими?

Мавзуга қайтиб. Тошкент вилоятидаги йўқ қилинган тутзорлар қайта тикланяптими?
Жорий йилнинг 31 январида uza.uz сайтида “Тошкент вилоятида сўнгги уч ойда беш ярим гектар тутзор, мингдан ортиқ яккатут йўқ қилинган” сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Ушбу мақола эълон қилинганига ҳам салкам ярим йил ўтди. 

Хўш, ўтган даврда тут дарахтларини ноқонуний кесганларга қандай жазо қўлланилди? Айни вақтда жорий йил ҳисобидан иккинчи марта ипак қурти боқаётганлар тут барги масаласини қандай ҳал қилаётир? Шу ва бошқа саволлар билан қизиқдик.

Тошкент вилоятида йирик тут дарахтлари кўплиги боис, ўтган йиллари баҳорги пилла мавсумида Самарқанд ва Бухоро вилояти пиллакорлари ипак қурти озуқаси – тут баргларини пойтахт вилоятидан олиб кетар эди. Аммо 2017 йилнинг куз ойидан бошлаб, тутни кесиш авжига чиқди. 30-40 йиллик дарахтларни ҳам бетартиб кесиб, табиатга ва пиллакорларнинг манфаатларига зарар етказилди.

189ec315-e54d-4342-bd0f-9a4eb116488b.jpg

Ваҳоланки, Чиноз, Бекобод, Қуйичирчиқ, Янгийўл туманларида дала ва йўл четидаги кўп йиллик дарахтлар аёвсиз кесилгани натижасида вилоятда озуқа базаси камайиб кетган. Мавсумда тут барглари тақчиллиги сезилди. Шундай бўлса-да, туман аҳолиси биринчи мавсумда пилла шартномасини ортиғи билан бажаришди. Иккинчи мавсумда ҳам қизғин бормоқда.

– Нотаниш одамлар йўл четидаги тут дарахтларини кесиб кетишди, – дейди Қуйичирчиқ туманидаги “Бирлик“ маҳалласида яшовчи Муҳаббат Хўжакелдиева. – Шу боис маҳалламизда пилла учун озуқа базаси камайди. Икки километр наридаги тутзордан янги новдаларни кесиб келяпмиз. Албатта, бу бизга қийинроқ. Бироқ, пилладан яхши даромад кўраётганимиз учун иккинчи мавсумда ҳам иштирок этяпмиз. Баҳорда икки қути ипак қуртини боққан эдик. Ёзгисидан бир қути олдик. Уларни иссиқдан сақлаш учун уй ертўласида парваришлаяпмиз. Насиб бўлса, 60 килограмм ҳосил оламиз.

9b083eb0-7921-4ee8-89c0-5163a4bd923f.jpg

Туман “Агропилла“дан маълум қилишларича, 10 гектар майдондаги тут плантациялари янгиланди. 190 минг туп тут дарахти экилди. Хитойдан олиб келинган бу кўчатлар совуққа, турли касалликларга чидамли бўлиш билан бирга серҳосил экан. Баҳорда вилоятнинг бир қатор туманларида 50 минг донадан зиёд ана шундай тут кўчатлари экилган.

Хўш, туткесарлар қўлга олиндими? Аслида дарахтларни йўқ қилганларга қандай жазо бор?

– Дарахтларга ноқонуний шикаст етказганлик ва уларни кесганлик учун қонунчиликда жавобгарлик чоралари кўзда тутилган, – дейди Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ходими Нурғали Амонов. – Хусусан, битта дарахт кесилса, етказилган зарарга қараб, айбдорга моддий жавобгарликдан, озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо тайинланиши мумкин. Жойига чиқиб ўрганганимизда биргина “Янги ҳаёт“ маҳалласидан 97 дона дарахт кесиб кетилгани аниқланган эди. Суриштиришлар ва тезкор тадбирлар самарасида Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи шахс ушланди. Унга қонуний жазо қўлланилди ва давлат фойдасига 103 миллион сўмдан зиёд маблағ ундирилмоқда.

Албатта, тут дарахтларини ноқонуний кесган ва шикаст етказган айбдорларга жазо муқаррар. Бироқ, бу жазо уларнинг табиатга йиллар давомида тиклаб бўлмайдиган зарар етказаётганини англаб етишига кўмак берармикан?!

Сайёра Шоева, ЎзА
4 590