ЎзА Ўзбек

18.10.2012 17:45 Чоп этиш версияси

Мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди

Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 20 июнда қабул қилинган “Республика иқтисодиёти тармоқларини 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд вилояти тиббиёт муассасаларида ҳам мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди.

Вилоятнинг олис ҳудудларидан бири бўлган Нуробод туманидаги даволаш-профилактика муассасаларида куз-қиш даврида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга эришиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

– Бугунги кунда битта марказий шифохона ва кўп тармоқли поликлиника, етти қишлоқ шифохонаси, 17 қишлоқ врачлик пункти туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатмоқда, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муҳиддин Асқаров. – Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, бир қатор давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши самарасида барча муассасаларимиз замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланмоқда. Айниқса, қишлоқ врачлик пунктларида беморларга аниқ ташхис қўйиш ва уларни самарали даволаш доимий диққат- эътиборимизда турибди. Қиш мавсумида эса бу масъулият яна ҳам ортади. Шунинг учун ҳам, аввало, қишлоқ врачлик пунктларининг техник ҳолати, муҳандислик тизимларининг созлиги соҳа мутахассислари томонидан ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Табиий газ етиб бормаган қишлоқ врачлик пунктлари ва шифохоналарда зарур миқдордаги кўмир захираси яратилди.

Мавсумга тайёргарлик жараёнида биноларнинг том қисмида катта ҳажмда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Марказий шифохона, кўп тармоқли поликлиника ва саломатлик маркази иситиш қозонлари ва печларида ўтган қишда юзага келган камчиликлар тузатилиб, улар ҳам мавсумга тайёр ҳолатга келтирилди.

Ҳозирда шифохоналарда қиш мавсуми учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари жамғариш ишлари изчил олиб борилмоқда. Бунинг учун зарур бино ва техника воситалари ажратилган.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов
8 379