ЎзА Ўзбек

02.07.2018 18:51 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон матбуотида янгилик

Ўзбекистон матбуотида янгилик

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, адабий-бадиий газетаси “Yoshlar ovozi” нафақат мамлакатимиз матбуотида, балки дунёда ҳам камдан-кам кузатиладиган янги тажрибани қўллади. Нашрнинг бир кунда учта – тонгги, кундузги ва кечки сонлари чоп этилди.

Ёшлик ўзининг олижаноб ташаббуси, адолат ва башарий ҳақиқатга беҳудуд интилиши билан тараққиётнинг буюк кучи ҳисобланади. 30 июнда юртимизда илк бора Ёшлар куни кенг нишонланди. Шу гўзал байрам муносабати билан халқаро анжуманлар, турли маданий-маърифий тадбирлар, акциялар, гала концерт ва фестиваллар ўтказилмоқда. 

Ёшлар кунидаги қайноқ жараёнларни жамоатчиликка тезкор етказиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, адабий-бадиий газетаси “Yoshlar ovozi” нафақат мамлакатимиз матбуотида, балки дунёда ҳам камдан-кам кузатиладиган янги тажрибани қўллади. Нашрнинг бир кунда учта – тонгги, кундузги ва кечки сонлари чоп этилди. Газета саҳифаларида Президентимизнинг ёшларга йўллаган байрам табриги, “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндорлари, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ёшлари форуми, республика бўйлаб ўтказилган Ёшлар сайилари, меҳнат ва савдо ярмаркалари, қирқдан ортиқ туман-шаҳардаги “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари, “Ёшлар — келажагимиз” шиори остидаги спорт мусобақалари, шунингдек, Ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган тузилмалар фаолияти, қўйингки давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан қилинган амалий ишлар қамраб олинди.

Эрталаб байрам таассуротлари билан ўртоқлашган йигит-қизлар ва хорижлик меҳмонлар пешинда чоп этилган газетада ўз суратлари ҳамда фикрларини кўриб, ҳаёт шиддатини яна бир бор ҳис этди. 
Ишонамизки, “Yoshlar ovozi” жамоаси мазкур тажрибани ғайрат ва шижоат билан давом эттиради.

Таҳририят

ЎзА
8 554