ЎзА Ўзбек

15.08.2018 20:38 Чоп этиш версияси

Матбуот котибими ёки вазир котиби?

Матбуот котибими ёки вазир котиби?
Бугун вазирлик, идора ва ташкилотларнинг матбуот хизматлари фаолияти ривожланмоқда. Шунга ҳаётий эҳтиёж мавжуд. “Яхши матбуот котиби – ташкилотнинг ярми” деган замонавий нақл пайдо бўлгани ҳам бежиз эмас. 

Ахборот соҳаси эркинлашиб, сўз эркинлиги кузатилаётган, янги тенденциялар кучаяётган, давр қўяётган талаб ва мажбурият залвори ҳам тобора ортаётган бир пайтда бу жиҳат яққол кўзга ташланмоқда.

“Жамият” газетаси томонидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси матбуот хизматининг суст ва самарасиз иши кескин танқид остига олингач, хизмат раҳбарининг таҳририят ходимларига дўқ-пўписа ва босим ўтказгани, оқибатда унинг ишдан кетганига кўп бўлгани йўқ. Бу ҳолат, айниқса, бошқа ташкилотлар ахборот хизмати ходимларини сергак торттиргани аниқ.

Очиқ тан олиш керак, бугун Ўзбекистонда матбуот котиблари иши қониқарли эмас. Қайсики вазирлик, қўмита, идора ва ташкилот фаолияти оммавий ахборот воситаларида танқидга учраса, энг аввало, шу ташкилотнинг матбуот котиби бошида калтак синмоқда. Яъни, кутилмаган танқиднинг олдини ололмагани сабабли бош айбдорга чиқарилмоқда. Ҳатто айрим ҳолларда раҳбарларнинг ўз матбуот котибига “ёвқараши” ёки “масофа сақлаб муомалада бўлиши” тафаккур қобиғини узоқ йиллардан буён ўраб олган қўрқув пардаси ҳамон сўтилмаганини кўрсатади.

Хўш, матбуот хизматлари тўлақонли иш юритиши учун зарур ресурс ёки имкониятларга эгами? Ортаётган масъулият ва иш ҳажмига нисбатан ходимлари сони ва салмоғи, моддий таъминоти ўсаяптими? Бугун оммавий ахборот воситалари вакиллари қайси вазирликнинг матбуот котибини яхши танийди ва яқин алоқа ўрнатган? Уларни ишга тайинлаш ва рағбатлантириш тизими қанчалик пухта ишлаб чиқилган?

Сир эмас, бугун аксарият матбуот котиблари ўриндошлик асосида икки ва ҳатто учта жойда ишлайди. Биз таниган-билган маҳоратли матбуот котиблари телевидение, радио, газета-журналларда ёки интернет нашрларида қўшимча тарзда фаолият юритади. Улар бир жойда “ўтириб қолиш”ни, ижодий жараёндан четлашиб кетишни хоҳламасликдан ташқари, маоши яхши лавозимдан воз кечишни ҳам истамайди. Бу асосий куч ва диққатни жамлашга тўсиқ бўлаяпти, табиийки, ташкилот матбуот хизмати ишига салбий таъсир ўтказаяпти.

Йирик ташкилотлар, тижорат банклари матбуот котибларининг иши сал бошқачароқ шаклланган. Уларга ижодий ходим деб эмас, балки ўзи "нон еб турган" муассаса ҳақида танқид чиқмаслигини кафолатловчи шахс сифатида қаралади. Бу ташкилотлар хайрихоҳ нашрларга йил бошидан реклама ёки бошқа тарғибот ишлари учун ажратадиган маблағларни гўё танқид ёмғиридан асровчи ўзига хос "соябон" деб билади. Масалан, Халқ банки ёки “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ билан кўп миллионли шартнома имзолаган, обуна уюштиришга ёрдам берган бирор газета бу банк ҳақида жойлардан келадиган ҳар қандай танқидий мақолани пастки тортмасига солиб қўяди. Аксинча, реклама, табрик бермаган, обуна бўлмаган ташкилотларни газеталар аяб ўтирмай, савалаб қолиши ҳам мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам увол-савоби матбуот котиби зиммасида бўлади.

Яна бир очиқ манзара бор. Бугун адади кўп минг сонли марказий газеталарда чиқмаган танқид “kun.uz”, “xabar.uz”, “qalampir.uz”, “asr.uz” каби интернет нашрларида ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилинмоқда. Шу сабабли вазирлар ва бошқа амалдорлар энди ўзи ва ташкилоти учун асосий “хавфли манзил”ни ижтимоий тармоқлар ва интернет, деб билмоқда. Қандай йўл тутмоқ керак? Раҳбарлар машҳур сайтларнинг етакчи журналистларига "совчи" қўйишаяпти – матбуот котиблигига ишга таклиф қилмоқда.

Афсуски, айрим матбуот котиблари савияси талабга жавоб бермайди. Улар икки қатор фикрни эплаб ёзолмаса, баъзилари журналистика кўчасига қадам ҳам қўймаган. Айрим матбуот котиблари эса вазир, унинг ўринбосарлари ва бошқарма бошлиқларига катта-кичик мажлислар, анжуманлар учун маъруза ва ҳисоботлар ёзиш билан банд. Юбилей саналар, байрамларда табриклар ёзиш билан раҳбарнинг шахсий котибига айланиб қолгандай таассурот қолдиради.

Шу йилнинг 15 февралида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди. Унда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари мазкур орган раҳбарига бевосита бўйсунадиган мустақил бўлинма сифатида белгиланган. Аммо амалда аксарият идораларда матбуот котибларига раис ўринбосарлари, раис ёрдамчиси ёки бошқа бошқармалар раҳбарлари "эгалик" қилади.

Бу ҳам етмагандай, ҳанузгача кўплаб матбуот котиблари жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари таркибида қолиб кетмоқда ва бевосита бўлим раҳбарига бўйсундирилган. Айримлари эса маркетинг ва ахборот-таҳлил каби бошқармалар ичида димиқиб-бўғилиб ётибди. Бу уларнинг нафақат ижодий эркинлигига изн бермайди, балки ҳар қандай ташаббус ва холис маълумот тарқатиш тизимини амалда йўққа чиқаради.

Сўнгги пайтларда кўламдор ислоҳотлар сабабли баъзи вазирликлар, идоралар ва давлат ташкилотларининг низом ва штат бирликлари қайта тасдиқланмоқда. Бунда матбуот хизматлари фаолиятини кенгайтиришга етарлича эътибор қаратилаяпти, деб бўлмайди. Ҳудудий бўлинмалар таркибида эса бундай лавозимларни киритишга зарурият йўқ, дея баҳоланмоқда. Оқибатда асосий иш бўлаётган энг қуйи ҳудудий бўғинларда марказга ахборот узатиш механизми қотиб қолган. 

Туман ҳокимликларида матбуот котиби лавозими ҳалигача ажратилмаган. Бу вазифани аксарият ҳолларда ойда бир-икки маротаба амал-тақал чиқаётган туман газетаси бош муҳаррири бажармоқда. Оқибатда вилоят ҳокимликларидаги матбуот хизматининг кам сонли ходимлари зиммасига ҳаддан зиёд ортича юк тушмоқда. Пировардида, туманларда хизмат сафари билан юрган маҳаллий, хорижлик журналистлар мутасаддилар билан учраша олмаётганидан ёки юзма-юз кўришган тақдирда ҳам керакли маълумотларни ололмаётганидан, қўпол ва носамимий муносабатдан ёзғирган материаллар сони тобора урчиб бораяпти.

Ахборотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органининг расмий сайтига тез жойлаштириш ва уларни ўз вақтида янгилаб бориш, интернет тармоғидаги веб-ресурслар, шу жумладан, ижтимоий ва мобиль тармоқларни ривожлантириш ишларида сезиларли сусткашликлар кузатилмоқда. Шундай шароитда профессионаллик ҳаминқадар бўлиб турган чоғда туман ҳокимлари ўз сайтини очишни ва ҳудуддаги янгиликларни тезкорлик билан ёритиб боришни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ истамоқда.

Аксарият матбуот котиблари эса бирор журналист маълумот сўраб мурожаат қилса, биринчи галда "расмий сайтимизни кўринг", дейди. Бу ҳам иш бермаса, икки энлик хат билан расмий мурожаат қилишни сўрайди. Аслида айб уларда ҳам эмас, шундай талабни қўйган раҳбарида.

Айрим матбуот котиблари ташкилоти ҳақида “тасдиқланмаган кўрсаткичларни” ва ўзича тамға қўйган “махфий” маълумотни ошкор қилишга ҳуқуқи йўқлигини айтиб, журналистлардан қутилмоқда. Ўз навбатида, журналистлар бундай материалларни вазир маъқуллашини кунлаб, ҳатто ойлаб кутиб қолмоқда.

Хатбозлик ва қоғозбозликлар матбуот котибининг мавжудлигини шубҳа остига қўйибгина қолмай, ОАВ билан муносабатларни салбий ўзанга солиб, мураккаблаштиради. Шу тариқа “бумеринг эффекти” содир бўлиб, бирор кун ўзи тадбир ёки анжуман ўтказганида журналистлар “хатсиз” лаббай демаса, аттанглаб қолаётир.

Вазир омма олдида нутқ ирод қилар экан, ҳар бир сўзининг акс-садоси ва эртага келтиражак оқибатини ўйлаб, албатта матбуот котиби билан ҳисоблашиши, маслаҳатлашиши ўринли.

Раҳбар ёки мутасаддининг жамоат олдидаги нутқида ҳар қандай чегарадан чиқишлар, кейинчалик унинг карьерасига, ижтимоий мавқеига тузатиб бўлмас зиён етказиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи қайта-қайта тасдиқламоқда.

Шу боис матбуот котиби билан аввалдан келишиб олган ҳолда матнлар ёки «шпаргалкалар» тайёрлаб олиш, қайсар ва тап тортмас журналистлар бериши мумкин бўлган эҳтимолий саволларга жавоб қайтаришга тайёрланиш, тил ва нутқнинг бой имкониятлари устида муттасил ишлаш, журналистлар ва ОАВ ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш, имкон қадар ахлоқ ва дипломатия мезонларидан чиқиб кетмаслик чораларини кўриб бориш зарур.

Матбуот котиби фақат раҳбарият билан чекланиб қолмасдан ўзи ишлаётган тизимдаги ходимларнинг журналистлар билан қандай мулоқотда бўлиши, ахборотни эркин ва тўғридан-тўғри тақдим этишни ўргатиши, ижтимоий тармоқларда ўз профилини очаётган ходимга тўғри маслаҳат бериши, жойлаштираётган материалларининг сифатли ва хатосиз чиқиши учун кўмаклашиши зарур.

Ягона давлат сиёсатини амалга ошириш борасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари билан самарали ва амалий ҳамкорликни таъминлаш ишларида ҳам сезиларли олдинга силжишлар кўзга ташланмаяпти. Матбуот котиблари ўзаро ҳамкорликда ўтказган ва оғизга тушган муҳим тадбирларни эслай олмаяпмиз. Дарҳақиқат, матбуот хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик ниҳоятда паст даражада, бошлари бир жойга бирикмаган.

Аста-секин таъсири кучли, имконияти юқори ташкилотлар матбуот хизматларининг бир ташкилот манфаатини бошқасидан устун қўйиши, холислик тамойилининг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Баъзи матбуот хизматларида оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида хайрихоҳ журналистлар доирасини шакллантириб бориш, уларни ахборот (матбуот учун хабар, бюллетень, пресс-релиз ва шу кабилар) билан таъминлаш ишлари яхши ташкил этилмай, ўлда-жўлда қолиб кетмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарорида идораларга ахборот хизматлари фаолиятини самарали ташкил этиш учун замонавий моддий-техник базасини шакллантириш бўйича «Йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш вазифаси юкланган эди. Аммо кўплаб матбуот хизматлари ҳатто эскироқ видеокамера, фотоаппарат ёки қўл телефонига ҳам эга эмас.

Журналистлар ижодий уюшмаси ёки ОАВни мониторинг қилиш маркази томонидан ташкил қилинадиган ва муҳим мезонларни қамраб олувчи “Матбуот хизматлари” ҳафталик рейтингини тузиши мақсадга мувофиқ. Бу ғайрат билан, куйиб-ёниб ишлаётган матбуот котибларини рағбатлантиради, умуман ишламаётган котибларни эса тетиклик ва ҳушёрликка ундайди, вазирларни керакли чоралар кўришга мажбур қилади.

Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтишни маъқул топдик. Структураси қайта тасдиқланган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси таркибида Матбуот котиблари клуби ёки шуъбаси тузиш керакдир. Эҳтимол, Президентнинг Матбуот хизмати ҳузурида Матбуот котиблари миллий уюшмасини тузиш самара берар. Матбуот котибларининг хорижий давлатларда малакасини оширишини ташкил қилиш ҳам фойдадан холи бўлмайди, назаримизда. Чет эллик ва маҳаллий етакчи экспертларни жалб қилган ҳолда матбуот котиблари учун ўқув курсларни ташкил этиш, бирор намунали матбуот котибининг тажрибасини кенг оммалаштириш, ўртада турли спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш асносида уларнинг ижодий мулоқотини кучайтириш ва моддий рағбатлантириш таклифини ҳам илгари сурган бўлардик.

Шу билан бирга, қатор ижобий ҳолатлар ҳам кўзга ташланаётганини таъкидлашни истар эдик. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Халқ таълими, Адлия, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хизматлари агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент шаҳар ва Самарқанд вилоят ҳокимликлари матбуот хизматлари илғор усулларда ва тезкорлик билан ишламоқда ҳамда бу мақсадларга катта ресурс ва маблағ ажратмоқда.

Матбуот котиби бугун ўз мақоми бўйича камида вазирнинг маслаҳатчисига тенглаштирилиши керак ва қоида тариқасида, мутахассислиги журналист бўлиши шарт. Унинг маоши ва бошқа имтиёзлари ҳам шундан кам бўлмаслиги лозим. Ташкилот фаолиятини ёритиш учун чўнтагидан харажат сарфлаши, тизим ходимларига «сўзи ўтмай», ўзи универсал ходимга айланиши матбуот котибини обрўсизлантиради, иши ривожига тўғаноқ бўлади.

Лазиз Раҳматов, ЎзА
16 079