Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.11.2017 20:00 Чоп этиш версияси

Масъулиятсизликка йўл қўйиб бўлмайди

Юридик хизмат ходими ҳар бир ташкилотда қонун устуворлигини таъминлашга масъул мутахассис бўлиб, у билимли, дунёқараши кенг, замон билан ҳамнафас бўлиши лозим. Амалда эса айрим ҳолларда ўз вазифасига совуққонлик билан қараш, масъулиятни чуқур ҳис этмаслик ҳолатлари, афсуски, учраб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуида ўтказилган анжуманда шу ҳақда сўз юритилди. Мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бош тамойил ҳисобланиши таъкидланди.

– Норма ижодкорлигида юридик хизмат ходимлари муҳим ўрин тутиб, улар қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тегишли талабларга мувофиқ тайёрлаши зарур, – дейди Адлия вазирлиги иқтисодий қонунчилик бошқармаси бош маслаҳатчиси Алишер Арзиев. – Лекин Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилаётган лойиҳаларда қатор камчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, қонунчилик техникасига амал қилмаслик, лойиҳани тайёрлашда жамиятда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга эътибор бермаслик, нормаларнинг бир-бирига зидлиги кабилар кўп учраётир. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари ва масалаларнинг ўз вақтида ва сифатли тайёрланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Анжуманда юристлар томонидан йўл қўйилаётган бундай хато ва камчиликларга барҳам бериш, уларнинг масъулиятини ошириш зарурлигига эътибор қаратилди. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилиши аҳволи ҳам йиғилишда танқидий таҳлил қилинди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, айрим ташкилотларда идоравий ҳужжатлар қабул қилинаётган юқори турувчи янги қонун ҳужжатлари – қонун, фармон ва қарорларга ўз вақтида мувофиқлаштирилмаяпти. Оқибатда ходимлар манфаатлари, ҳуқуқлари чекланиши ҳолатлари кузатилмоқда. Янги қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг қуйи тизимларга етиб боришида ҳамон муаммолар мавжуд.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг юридик хизмат ходимлари иштирок этган тадбирда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва моҳиятини етказишда юридик хизмат ходимлари фаолиятини янада кучайтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 673






Все о погоде - Pogoda.uz