ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Масъулиятни ўзимга юксак шараф, деб билдим

Масъулиятни ўзимга юксак шараф, деб билдим

Мамлакатимизда биз, ёшлар учун яратилаётган имкониятларнинг беқиёслиги ҳар биримизни янада шижоат ва ғайрат билан меҳнат қилишга, билим олишга ундамоқда.

Ҳақиқатан ҳам дунёда бизнинг мамлакатдагидек ёшларга алоҳида эътибор қаратаётган юрт бўлмаса керак. Жаннатмакон юртимизда ўқиш, ўрганиш, ижод қилиш, меҳнат қилиш, ўз иқтидорини намоён қилиш учун барча имкониятлар яратилган. Олдимизда турган вазифа эса битта: у ҳам бўлса шу Она заминга муносиб бўлиш.

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Президентимизнинг навқирон авлод вакилларига йўллаган табриклари қалбларимизни тўқинлантириб турган шу бахтиёр кунларда янги-янги ғоялар устида бош қотираяпмиз.

Давлатимиз раҳбарининг табрик сўзлари биз ёшларни янада фаол бўлишга, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни намоён этишга катта куч бағишлади. Хусусан, “Бугунги кунда замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаш ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётининг ҳал қилувчи шартига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, биз навқирон авлодимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этмоқдамиз”, деган пурмаъно сўзлари ҳар бир ёшнинг вужудини ғурур ва ифтихорга тўлдирди, десак муболаға бўлмайди.

Мен ҳам шу бетакрор юртнинг фарзанди эканлигимдан ҳамиша фахрланаман. Қалби осмондек беғубор, юраги тоза ўзбек халқи ҳамиша қаддини баланд тутиб, ўзига хос ғурур билан дунёни лол қолдирган. Ота-боболаримизнинг кўрсатган жасорати, илм ва маънавият, маданият соҳасидаги матонати биз учун катта ибрат мактабидир.

Яқинда тенгдошларим қатори Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзолигига сайланганим, зиммамдаги масъулиятни янада оширди.

Мазкур парламент аъзоларининг олдида ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ва устувор вазифалар қўйилди.

Тенгдош қалбини кўпроқ тенгдош тушунади, албатта. Ёш бўлиб, ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ташвишлантираётган жараёнларга холис баҳо бериш, муаммоларга ижобий ечим топиш бизни янада изланишга, ҳаётни чуқурроқ ўрганишга чорламоқда. Бу масъулиятни мен ўзимга юксак шараф, деб билдим. Менга билдирилган бу юксак ишончни, албатта ўзимнинг фидойилигим ва садоқатим билан оқлайман.

Шу кундан эътиборан Она юртимга, шижоатли ёшларимизга, муҳтарам Юртбошимизга қанот бўлиб, порлоқ келажагимиз учун садоқат билан хизмат қилишга бел боғладим. Вилоятимиз ёшларининг тақдири ва истиқболи учун керак бўлса 24 соат ишлашни ўзимга муқаддас вазифа, деб белгиладим.

Биз тўғри йўлдан оғишмай, маррани катта олган, олис чўққиларни кўзлаган метиндек иродали халқнинг бахтиёр ёшлари эканлигимизни исботлаш вақти келди. Зеро, ҳар бир ҳаракатимиз, ўй-фикримиз, орзу-интилишимиз, дадил қадамларимиз юртимиз истиқболи, келажагига, бугунги изчил ислоҳотларга дахлдордир.

Сардор ҒАФФОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзоси.

3 476
ЎзА