Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 14:20 Чоп этиш версияси

Масъулият – раҳбарликнинг бирламчи шарти

Халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан туманда ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, бошқармалар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этган сессияда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамиятни демократлаштириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Парламент ишчи гуруҳи Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан яқиндан танишиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида 10 кун давомида маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди. Таълим, маданият, спорт, тиббиёт, бандлик, коммунал, экология соҳалари, тадбиркорлик, аҳолига савдо ва бошқа хизматлар кўрсатиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг фаолиятини ўрганди.

Мулоқотларда фуқаролардан тушган ва бевосита учрашувларда ўртага ташланган 485 мурожаат ўрганилиб, 215 мурожаат жойида ҳал этилди. 200 дан зиёд мурожаат тегишли мутасадди ташкилотларга ижро учун юборилди. Республика даражасида ўрганиш тақозо этиладиган 50 га яқин мурожаатда кўтарилган масалаларни парламент назоратининг турли шакллари орқали ҳал этиш, тегишли давлат бошқаруви органларига парламент ва депутатлик сўровлари юбориш, парламент эшитувларини ташкил этишга қаратилган аниқ мақсадли ва манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Муҳокамада эришилган ютуқлар билан бирга, мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Ўрганишлар туманда давлат рўйхатидан ўтган бир қатор тадбиркорлик субъектлари турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаётгани, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандликни ривожлантириш, ердан оқилона фойдаланиш етарли даражада йўлга қўйилмагани, бозорлар фаолияти бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар тақчиллиги, аҳолини иш билан таъминлаш масаласи қониқарли эмаслиги ва бошқа камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежларидаги бугунги ҳолат, қишлоқларда тиббий хизмат кўрсатиш даражаси, дорихоналардаги нарх-наво, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш, автомобиль йўлларининг аҳволи қаттиқ танқид килинди.

– Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимга асос солинди, – дейди халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгаши депутати Воҳиджон Имомназаров. – Давлатимиз раҳбарининг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган ҳаётбахш сўзлари, айниқса, биз, депутатлардан янада фаол бўлиш, раҳбарлардан шахсий жавобгарлик ва масъулиятни янада оширишни тақозо этмоқда.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
3 015






Все о погоде - Pogoda.uz