ЎзА Ўзбек

14.08.2018 16:01 Чоп этиш версияси

Мастликнинг мудҳиш оқибатлари

Мастликнинг мудҳиш оқибатлари
Жорий йилнинг 21 январь куни тунда Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасидаги умумий ҳовлилардан бирида қотиллик жинояти содир этилгани ҳақида ички ишлар идораларига хабар келиб тушди. Тезкор гуруҳ воқеа жойига етиб борди...

Асли пайариқлик Шокир (жиноятга алоқадар исм-фамилиялар шартли) 2017 йил декабрь ойида умумий ҳовлидаги бир хонадонни ижарага олиб, оиласи билан шу ерда яшай бошлади. Янги уйда танишган қўшниларидан бири Иван Кучаров бўлди. Икковлон тезда тил топишиб, вақти-вақти билан улфатчилик қилиб туришни одатга айлантиришди. Гоҳ Шокирнинг, гоҳ Иваннинг хонадонида бўладиган бундай суҳбатлар ароқсиз ўтмасди.

Мудҳиш жиноят содир этилган тунда Иван Шокирнинг уйида меҳмон эди. Икковлон бирга овқатланиб, роса ичишди. Оғзи қизиган қўшнилар турли латифа ва ҳангома айтиб, бир-бири билан ҳазиллашди. Лекин бу пайтда улар мастлик туфайли нима деяётгани ва хатти-ҳаракатларини ҳам унутиб қўйди. Оқибатда қўшнилар ўзаро гап талашиб, ёқалашиб кетди. Қизиққон Шокир эса қўлига пичоқни олиб Иванга ташланди. Икки қўшнининг ширингина суҳбати ичкилик туфайли қотиллик билан тугади.

Пастдарғом туманидаги Тинчлик маҳалласида ҳам шу ерда яшовчи Миршод ва Фаррухнинг ўзаро келишмовчилиги туфайли нотинчлик юзага келди. Жорий йилнинг 8 февраль куни кечқурун улар бирга улфатчилик қилиб, мастлик оқибатида жанжаллашиб қолади. Фаррухга нисбатан ёш ва анча эпчил бўлган Миршод уни аёвсиз дўппослаб, оғир тан жароҳатлари етказади. Натижада Фаррух воқеа жойида вафот этади.

Шу йилнинг баҳор ойларида Қўшработ туманида содир этилган мудҳиш жиноят ҳам эшитган кишини эсанкиратиб қўйади. Эндигина 18 ёшни қаршилаган Жавлон маст ҳолатда маҳалладошларидан бирининг уйига кириб, хонадон бекаси ва унинг икки қизига пичоқ билан тан жароҳати етказади. Яхшики, она-болаларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ҳаётнинг паст-баландини кўрмаган, аччиқ-чучугини татиб улгурмаган йигит эса айни касб-ҳунар ўрганадиган чоғида ёшликнинг беғубор дамларини панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Ичкиликка ружу қўйиш, спиртли ичимликнинг инсон руҳияти, хулқига салбий таъсири оқибатида юзага келаётган жиноятлар ёки бу иллатнинг оилалар, инсонлар тақдирини ўзгартириб юбораётгани ҳақида кўп мисоллар келтириш мумкин. Ён-атрофимизда, маҳалламизда содир бўлаётган бундай ҳолатларга баъзида эътибор қаратсак, кўп ҳолларда “менга нима, ичса ичибди-да, қилмишига яраша жазосини олади” деб бепарволик қиламиз. Ҳолбуки, маҳалламиздаги битта нохуш ҳолат, нотинчлик бутун маҳалла аҳли кайфиятига, ҳудуддаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Арзимасдек туюлган гап-сўз ва жанжаллар вақт ўтиб катта кўнгилсизликларга сабаб бўлиб қолади.

– Йилнинг етти ойида вилоятимизда содир этилган жиноятларнинг 33 таси мастлик оқибатида юзага келган, – дейди Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Р.Раҳимов. – Улар орасида қотиллик, ўғирлик ва бошқа жиноятлар бор. Жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш ва у билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар эса 19 минг 643 тани ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 мингтага кўп демакдир. Яъни эндиликда мастлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларга эътибор қаратилмоқда. Фуқароларнинг белгиланмаган жойларда спиртли ичимликлар ичишининг олдини олиш, бу борадаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва маъмурий чоралар кўриш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Кўп ҳолларда фуқароларнинг тунги вақтда спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда турли ҳуқуқбузарлик ёки жиноятларга қўл ураётгани кузатилмоқда. Шу сабабли айни пайтда юртимизда тунги вақтда спиртли ичимликлар савдосини тартибга солиш, бу борада амалдаги қоидаларни ўзгартириш юзасидан билдирилаётган таклифлар асосида ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
8 670