Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2018 09:47 Чоп этиш версияси

Маст ҳолатда бошқарилган велосипед можаросига ойдинлик киритилди

Маст ҳолатда бошқарилган велосипед можаросига ойдинлик киритилди
Шу йилнинг 8 июль куни Facebook ижтимоий тармоғи орқали Қуйичирчиқ тумани Пахтазор маҳалласи Сулаймонов кўчасида яшовчи фуқаро Мастура Каримованинг ички ишлар органларининг ноўрин хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, ёрдам сўраётган видео тасвири жойлаштирилган эди. Тошкент вилояти ИИБ ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Эслатиб ўтамиз, хабарда фуқаро Мастура Каримова унинг 2002 йилда туғилган ўғли Абдулла Каримов оиласига кўмаклашиш мақсадида, аҳолининг қорамолларини боқиб келаётганлиги, ишлаган пулидан орттириб велосипед сотиб олганлиги, ушбу велосипедини отаси Тоир Мирзаҳмедов маст ҳолатда бошқаргани сабабли ЙПХ инспекторлари унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиргани ва велосипедни қайтариб олиш учун ички ишлар ходимлари ундан 500 минг сўм талаб қилаётгани баён этилган эди.

Вилоят ИИБ тегишли хизматлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида, фуқаро Мастура Каримованинг турмуш ўртоғи 1965 йилда туғилган фуқаро Тоир Мирзаҳмедов 2018 йилнинг 25 май куни соат 10:00ларда Қуйичирчиқ тумани Мевазор маҳалласида маст ҳолатда велосипед бошқариб кетаётган вақтида туман ИИБ ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган. Мазкур фуқаро спиртли ичимлик истеъмол қилгани юзасидан гумон қилиниб, уни тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда велосипед бошқарганлиги учун (асос: Қуйичирчиқ тумани Марказий тиббиёт бирлашмасининг 25.05.2018 йилдаги маълумотномаси) Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 131-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилгани аниқланди. Шунингдек, велосипедини вақтинча ушлаб туриш жарима майдончасига жойлаштирилгани, фуқаро Мастура Каримова туман ИИБ ЙҲХБга бориб, велосипедини сўраганида, 500 минг сўм маъмурий жаримани тўлаб олиб кетиши ёки тўлашга имконияти бўлмаган тақдирда ўзи истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғинидан оиласи кам таъминланганлиги ҳақида маълумотнома олиб келиб, судга тақдим этиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилганлиги маълум бўлди.

2018 йил 8 июль куни вилоят ИИБ ходимлари томонидан фуқаро Тоир Мирзаҳмедов билан ўтказилган суҳбат давомида ҳозирда ўзи истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғинидан оиласи кам таъминланганлиги ҳақида маълумотнома олиб келиб, судга тақдим этганлиги ҳамда белгиланган 516 минг сўм миқдордаги жаримани тўламасдан велосипедини қайтиб олганлиги, шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан бирор-бир ходим таъмагирлик қилмаганлигини маълум қилган.

ЎзА
4 424