ЎзА Ўзбек

09.08.2018 19:54 Чоп этиш версияси

Масофавий таълим: бўлажак ёш тадбиркорлар учун яна бир қулайлик

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Бугунги кунда марказ мамлакатимиз миқёсида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун тадбиркорлик асосларини ўқитиш ўқув курсларини ташкил этмоқда.

Марказда айни кунга қадар 12 мингдан ортиқ тингловчи малака оширди. Ўқув курсларини битирганларнинг 10 фоизи банклардан имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятини бошлади.

Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатадики, мазкур курсларда мактаб, коллеж ва лицейларни битирган ёшлар билим ва кўникмаларини оширмоқда. Бироқ уларнинг етарли даражада маълумотга эга эмаслиги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда қийинчилик туғдирмоқда.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида ўтказилган давра суҳбати шу муаммони ҳал этиш ва тадбиркорларнинг кенг доирасига мўлжалланган бизнес юритиш кўникмаларини масофавий ўргатишни янада ривожлантириш масалаларига бағишланди.

Қўмита ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва “Норма профессионал ривожланиш маркази" нодавлат таълим муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда халқаро тажриба асосида бўлажак тадбиркорларни масофавий ўқитишни йўлга қўйиш, бизнесни юритиш, молия саводхонлиги борасида ўзбек ва рус тилларида махсус онлайн ва оффлайн курсларини яратиш афзаллиги ва амалий натижалари хусусида сўз юритилди.

– Масофавий таълим дастури марказ ва “Норма профессионал ривожланиш маркази" нодавлат таълим муассасаси ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик меморандуми асосида ишлаб чиқилмоқда, – дейди Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори Улуғбек Камолиддинов. – Унда тингловчилар хўжалик ҳуқуқи асослари, иқтисодий билимлар, молияни бошқариш, солиққа тортиш, маркетинг ва ташқи иқтисодий билимлар асослари бўйича онлайн курсларда таълим олади. Жорий йилнинг 15 сентябридан 15 декабригача www.direktor.uz онлайн платформасидан фойдаланган ҳолда 22 соатлик масофавий таълим курслари ташкил этилади. Мазкур курсларда ўқиш пулсиз, очиқ тарзда ўтказиладиган тренинглар учун ҳар иккала томон ташаббуси билан ўқитувчилар танлаб олинади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
5 538