ЎзА Ўзбек

12.01.2019 16:22 Чоп этиш версияси

Маслаҳат кенгаши 2018 йил якунларини сарҳисоб қилди

Маслаҳат кенгаши 2018 йил якунларини сарҳисоб қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Маслаҳат кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгашнинг 2018 йилдаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилинди ва 2019 йилги вазифалар белгиланди.

Учрашувда Маслаҳат кенгаши аъзоси бўлган давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов олиб борди.

Тадбирда фуқаролик жамиятини ривожлантириш масаласининг долзарблиги Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Масжлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ортиб бораётгаи таъкидланди. Мурожаатномада Маслаҳат кенгаши фаолиятига бевосита дахлдор бўлган устувор йўналишлар қаторига халқ билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот ўрнатиш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, миллий ўзликни англаш масалалари ўз аксини топган.

Май ойида ўтказиладиган фуқаролар йиғини раислари сайлови ва декабрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайловлари 2019 йилда кутилаётган энг муҳим воқеалардан саналади. Сайлов кампаниялари янгича ташкилий-ҳуқуқий шароитларда бўлиб ўтади ва аҳолининг фуқаролик фаоллигини ўстиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Буларнинг барчаси Маслаҳат кенгаши томонидан амалга оширилган ишларни баҳолашда ҳамда 2019 йилги устувор йўналишларни белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

Маслаҳат кенгашининг 2018 йилдаги фаолияти якунларини сарҳисоб қилар экан, А.Саидов ўтган 4 ой мобайнида барча ташкилий масалалар ҳал этилганини қайд этди. Кенгашнинг барча комиссиялари фаолиятини таъминлаш учун улар қошида ишчи ва эксперт гуруҳлари ташкил этилди. Ишларни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида ҳар бир комиссияга Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ходимлари бириктирилди.

Маслаҳат кенгашининг биринчи йиғилиши қарорларида назарда тутилган деярли барча йўналишлар юзасидан аниқ натижалар кўрсатилди. Масалан, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази билан ҳамкорликда фуқаролик жамияти соҳасида ижтимоий тадқиқотлар янги методикани синовдан ўтказиш ишлари йўлга қўйилган. Унинг доирасида “Фуқаролар нодавлат нотижорат ташкилотларига оид тасаввур, фикр ва орзу-умидлар” мавзуида ижтимоий сўров ўтказилган.

Маслаҳат кенгашининг тегишли комиссиялари Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Демократик институтлар қўмитаси, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан ҳамкорликда фуқаролик жамиятини тартибга солувчи амалдаги қонунчиликни инвентаризация қилиш ишлари ташкил этилган. Шунингдек, ижтимоий шерикчиликни амалга оширишнинг икки секторли андозасидан ушбу жараёнларда бизнес субъектларининг иштирокини кўзда тутадиган уч секторли андозасига ўтишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича асослар ишлаб чиқилган.

Соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим, уй-жой коммунал хўжалиги, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг ҳудудий бўлинмаларида халқ билан мулоқот қилиш самарадорлиги бўйича ўтказилган мониторинг ҳамда аҳолининг ижтимоий аҳволига таъсир қилувчи муаммоларнинг ҳал этилиши бажарилган энг муҳим ишлардан саналади. Унинг якунлари бўйича олинган маълумотлар давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида халқ билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот қилиш бўйича белгиланган вазифалар доирасидаги тегишли ишларни ташкиллаштиришда амалий аҳамият касб этади.

Фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантиришда олий тоифадаги илмий ва илмий-педагогик кадрларнинг ихтисосликларини аниқлаш мақсадида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг турли жиҳатлари бўйича 1992 йилдан 2018 йилгача ҳимоя қилинган 220 та диссертация ишларининг инвентаризацияси амалга оширилди.

Шу билан бирга, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳузурида фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи илмий-методик семинарни ташкил этиш ҳамда институтнинг ҳудудий бўлинмалари қошида тегишли илмий-ўқув лабораторияларини очишга доир таклифлар тайёрланди.

Шунингдек, 2019 йилда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти масалалари юзасидан ҳудудий семинар-тренингларни ташкил қилиш тўғрисидаги ахборот ҳам тақдим этилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, 2018 йилда эришилган бу ва бошқа амалий натижалар давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини самарали таъминлаш учун зарур асос яратади.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Роман Бондарчук, ЎзА​
1 641