ЎзА Ўзбек

02.06.2020 Чоп этиш версияси

Машҳур Бойқўнғир космодроми модернизация қилинмоқда

Машҳур Бойқўнғир космодроми модернизация қилинмоқда

1955 йилнинг 12 февралида собиқ иттифоқ вазирлар кенгашининг «СССР Мудофаа вазирлиги учун янги полигон тўғрисида»ги фармойиши чиқди. Аввалига «Илмий тадқиқот-синов полигони № 5» деб аталган Бойқўнғир космодроми тарихи шу қарордан бошланади.

Бўлажак космодром қурилиши бийдай саҳро қўйнида, ўта махфий тарзда олиб борилган. Бойқўнғирнинг туғилган куни эса айнан бугун, тўғрироғи, 1955 йил 2 июнь ҳисобланади – шу куни Бойқўнғир космодроми лойиҳалари ва ташкилий тузилмаси Бош штаб бошлиғи директиваси билан тасдиқланган.

Космодромнинг биринчи навбати қурилиши рекорд муддатда ниҳоясига етказилган. 1957 йил май ойидаёқ полигондан дастлабки, Сергей Королёв конструкцияси - Р-7 қитъалараро баллистик ракетаси учирилган.

Ернинг биринчи сунъий йўлдоши (1957 йил) ҳамда илк бор саҳнига инсон ўтирган фазо кемаси (1961 йил) ҳам айнан шу ердан самога йўл олган.

СССР парчалангач, космодром Қозоғистон мулкига айланди. 1994 йилга келиб, Россия Федерацияси Бойқўнғирни кейин яна 10 йилга узайтириш шарти билан 20 йил муддатга ижарага олди. 2004 йил январда эса икки мамлакат ўртасида космодром Россия томонидан 2050 йилгача ижарага олингани тўғрисидаги янги битим имзоланди.

Ҳозир Россия Бойқўнғир ҳудудидаги 2та та учиш майдони мажмуасини модернизациялашни режалаштирмоқда, деди «Роскосмос» космик фаолият давлат корпорацияси Бош директори Дмитрий Рогозин афсонавий космодромнинг 65 йиллик юбилейи муносабати билан тарқатилган видео лавҳада.

Дастлабки лойиҳа Бойқўнғирнинг «Союз-2» ракеталарини учиришга мўлжалланган «Гагарин старти» номли биринчи майдонини қайта шакллантиришни назарда тутади. Яқин-яқинларгача «Байтерек», деб аталган, эндиликда «Назарбоев старти» тарзида қайта номланган иккинчи учиш майдони эса «Союз-5» фазо кемалари учун мослаштирилади.

«Роскосмос» раҳбарининг сўзларига қараганда, бундай ракеталар мамлакатнинг соҳа бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида яратилмоқда.

2 572
ЎзА