Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2018 22:19 Чоп этиш версияси

Машқда мураккаб бўлса, амалиётда осон кечади

Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида ёнғин ўчириш амалий спорт тури бўйича Ўзбекистон Республикаси очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

Ёнғин ўчириш хизмати ходимларида замонавий услуб ва воситалардан фойдаланиш, мураккаб вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантириш ҳамда уларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун имконият яратиш мақсадида ташкил этилган мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан келган 17 жамоа баҳслашди.

Иштирокчилар ёнғин ўчирувчилар эстафетаси, тўсиқлар оша югуриш, ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилиш, ёнғин ўчириш автомобили орқали жанговар ёйилиш шартлари бўйича маҳоратини синовдан ўтказди.

Қизиқарли ва кескин курашларга бой ўтган турнир якунида умумжамоа ҳисобида Қашқадарё вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринга бухоролик ўт ўчирувчилар, учинчи ўринга Андижон вилояти вакиллари сазовор бўлди.

Мусобақа доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ёнғин ўчириш хизмати ходимлари Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий обидаларни зиёрат қилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 708