Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.05.2018 12:45 Чоп этиш версияси

“Маржон суви” – меҳр ва ғамхўрлик маскани

“Маржон суви” – меҳр ва ғамхўрлик маскани Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Лалмикор қишлоғидаги “Маржон суви” уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторийсида бир йилда 3 мингдан зиёд киши дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлайди.

Давлатимиз томонидан уруш ва меҳнат фронти фахрийларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган доимий эътибор ифодаси бўлган ушбу замонавий мажмуанинг икки қаватли 110 ўринли ётоқхонаси, ҳар бири икки хонали 10 коттежида кексалар учун барча қулайлик яратилган.

Ўтган даврда муассаса биноси таъмирланиб, қўшимча иншоотлар барпо этилди, янги даволаш, ташхис қўйиш асбоблари билан жиҳозланди. Янги қудуқлар ковланиб, сиҳатгоҳнинг маъданли сув таъминоти янада яхшиланди.

Диагностика, лаборатория, муолажа, физиотерапия, даволаш гимнастикаси хоналари, фитобар, шифобахш бассейн ишлаб турибди. Даволанувчилар бўш вақтини кўнгилли ўтказиши учун маънавият ва маърифат хонаси, кутубхона фаолият юритмоқда.

4.JPG

6.JPG

– Муассасадаги даволаниш, дам олиш учун яратилган шароитлардан кўнглим тўлди, – дейди Бахмал туманидан келган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Асрор ота Аҳмедов. – Вилоятимизда шундай санаторий мавжудлиги биз, кексаларга катта қулайлик яратади.

Муассасанинг маъданли суви таркибида турли фойдали кимёвий унсурлар мавжудлиги унинг шифобахшлигини таъминлайди. Мазкур сув ошқозон-ичак секреция безлари ишлашини, туз кислотаси ишлаб чиқаришини меъёрга солади. Ичаклар ва ўт қопи фаолиятини яхшилайди. Инсон организмининг турли шамоллашларга қарши курашувчанлик қобилиятини кучайтиради.

Муассасада сув ва бошқа физиотерапевтик муолажалар билан бирга, бальнеотерапия усулларидан бири балчиқнинг қўлланилиши даволаш самарадорлигини ошираётир. Балчиқ ревматизм, интоксикация, модда алмашинувининг бузилиши ва турли шикастланишлар асорати, таянч ва ҳаракат органлари хасталиклари, қорин бўшлиғининг хроник яллиғланишини даволашда қўлланилмоқда. Айнан шу усулнинг – балчиқ билан даволашнинг самараси туфайли сиҳатгоҳга келувчилар сони кўпаймоқда.

– Илгари балчиқ билан даволаниш учун Евпатория, Одесса, Пятигорск, Липецк каби узоқ юртлардаги курортларга боришга тўғри келарди. Бу даволаш муолажасининг юртимиздаги санаторийларда ҳам йўлга қўйилгани, айниқса, биз, кексалар учун жуда қулай бўлди, – дейди Пахтакор туманидан келган меҳнат фахрийси Мурод Жайловов.

Даволаш, дам олиш шароитлари яхшилангани туфайли муассаса йилнинг тўрт фаслида ҳам гавжум. Юртимизнинг турли ҳудудларидан дам олувчилар келмоқда. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан келувчилар кўп.

– Кексайганингда ҳурмат-эҳтиромга, айниқса, давлатнинг эътиборига сазовор бўлиш ҳам катта бахт, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Манғит туманидан келган меҳнат фронти фахрийси Турсунбой оға Аҳмедов. – Президентимизнинг ғамхўрлиги туфайли кексаларнинг дам олиши ва даволаниши учун шароитлар йилдан-йил яхшиланмоқда. Бу йил учинчи марта ушбу санаторийга келишим. Бу ердаги маъдан сувининг шифобахшлиги соғлиғимни тиклашга катта ёрдам бераётир.

Кекса киши учун яхши муомала ҳам жуда муҳим. Даволовчи шифокорлар Эшим Соибназаров, Нурали Элмуродов, Гулнора Усмонова, муассаса катта бекаси Ойсафар Эрмонова, қабулхона ҳамшираси Ҳалима Хурсандова каби тиббиёт ходимларининг меҳрибонлиги, хушмуомалалигидан фахрий миннатдор.

Санаторийда турли бадиий кўнгилочар тадбирлар, Самарқанд шаҳри ва Жиззах вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар мунтазам ташкил этилаётгани ҳам даволанувчиларга манзур бўлмоқда.

– Муассасада шароитларни янада яхшилаш ишлари давом эттирилмоқда, – дейди “Маржон суви” санаторийси раҳбари Зокир Эшмуродов. – Шу мақсадда маъданли сувдан самарали фойдаланиш учун изланишлар олиб борилмоқда. Дам олиш, даволаш ва муолажа иншоотлари қувватини ошириш режалаштирилган.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
4 545