ЎзА Ўзбек

20.04.2018 17:25 Чоп этиш версияси

Маромига етаётган мулоҳазалар

Трансплантология тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири. Сир эмас, илгари зарурат туфайли айрим бемор юртдошларимиз чет давлатларга бориб, ана шундай жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Ҳозирги кунда шундай мураккаб ва ноёб операциялар юртимиз тиббиёт марказларида муваффақиятли ўтказилмоқда.

Шундай экан, мазкур соҳани тартибга солувчи яхлит қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш давр талабидир. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомнинг амал қилиш вақти “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг кучга кирган кунигача, деб белгиланган.

Мазкур ҳужжатга асосан юртимизда фақат жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда. Янги қонун қабул қилинса, ҳамюртларимиз, зарурат туғилган пайтда, чет элга бормасдан, шу ернинг ўзида айрим инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш амалиётини қилдириш имконига эга бўлади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ана шулар ҳақида сўз юритилди. Унда “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бундай ишларга “Адолат” социал-демократик партияси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, партия аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, хусусан, трансплантологияга, ЭКУ ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш, хорижнинг етук тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, чет эл врачларини Ўзбекистоннинг тиббий муассасаларида жарроҳлик операциялари ўтказиш амалиётини кенгайтиришга оид қатор таклифларни илгари суриб келмоқда. Бунинг амалий натижаси ўлароқ хорижлик малакали мутахассислар билан ҳамкорликда мамлакатимизда илк маротаба буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш операциялари муваффақиятли амалга оширилди. Эндиликда ушбу амалиёт Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси, Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида кенг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда ўртача 100-150 та операция ўтказиш имконияти пайдо бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамкорлигида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида ҳамда www.adolat.uz веб-сайтида умумий муҳокамага қўйилди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат айни вақтда, ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади – замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда, инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда, ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари инобатга олинган.

Давра суҳбатида ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар бандма-банд муҳокама этилди. Уни маромига етказиш бўйича иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
4 026